Бокс. Россиядаги қитъалараро мусобақанинг финалига Иқболжон Холдоров ва яна икки нафар Ўзбекистон вакили йўл олди. Эртага финал!
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги «М-1 Арена»да бокс бўйича Х халқаро «Санкт-Петербург Губернатори кубоги» бўлиб ўтмоқда.
Мазкур мусобақанинг бугунги ярим финал баҳсларида қатнашган ўзбекистонлик уч нафар боксчининг барчаси ҳал қилувчи босқичга йўлланмани қўлга киритди. -56 кг вазнда қатнашаётган Абдумалик Халаков россиялик Назир Балаевни, Иқболжон Холдоров (-69 кг) 5:0 ҳисобида мезбон вакили Андрей Кириченкони ҳамда Козимбек Мардонов (-81 кг) яна бир Россия вакили Ришат Бакировни таслим қилиб, ҳал қилувчи баҳсга йўлланмани қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мазкур мусобақага 8 нафар боксчи билан ташриф буюрганди. Финал жанглари эртага Тошкент вақти билан 19:00да бошланади.