Мы в Telegram
Добавить новость
123ru.net
World News in Uzbek
Май
2019

КЕЧА ВА КУНДУЗ… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Маълум базм кечасининг эртаси куни Энахон билан меҳмонлари қоронғи тушганда, меҳмондорчиликдан қайтиб келдилар. Меҳмон қилиб чақирган хонадон қишлоқнинг нариги чеккасида яшаганидан булар анча чарчаган эдилар. Зеби ҳаммадан орқада қолиб, қўлидаги насибани аравакашга бериб киргач, Энахоннинг онаси ўз қизини холи топиб, Зеби тўғрисидаги фикрни изҳор қилди:

— Бу Зебиниса ўртоғинг топилмайдиган қиз экан, болам. Бир раҳмдил, бир оқ кўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги орасида кам топилади. Шунча жойдан олиб келиб, шунча кундан бери пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам эсга олмади, йўқламади. Доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон бўлди. Ўзининг қўшниси бўлиб туриб Салтанатхон ҳам сира йўқламади…

Бу сўнгги жумлани кампир паст бир овоз билан ярим пичирлаб айтган эди, Энахон:

— Рост, ойи! — деди. — Зебихон ўртоғим бу тўғрида

топилмайдиган, лекин…

Бу сўзларни айтиб туриб, Энахон ўзини тутолмади ва кулиб юборди. Кампир ҳайрон бўлиб:

— Нимага куласан? Ё билмай гапирдимми? — деди.

— Йўқ, — деди Энахон яна кулиб туриб, — жуда билиб гапирдингиз. Мен бошқа нарсани ўйлаб кулаётирман…

Қоронғида паранжи ёпиниб ўтирмасдан, рўмолини пана қилиб, аста-секин кириб келаётган Умринисабибини энг илгари Энахон кўрди, юзларида ҳануз ўша кулишнинг алангаси ила товуш бергани ҳолда, уни қарши олгали югурди. Зотан, Умринисабибига Энахондан бошқа ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ эди. Қизнинг қўлтиғига кириб:

— Юринг бу ёққа, айланай, сизга икки оғиз гапим бор, — деди.

Энахон уни айвонга таклиф қилиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичишга ва меҳмондорчиликдан келган қатламадан насиба олишга чақирса ҳам сира кўнмади. Иккаласи бирга ҳў… нариги, қўшни деворига яқинлашганларидан кейин Умринисабиби қизни тўхтатиб, деди:

— Айланай, қизим, бу гапни сизга қандоқ қилиб эшиттиришга ҳайронман. Орага тушмай ўлайин мен…

Бу муқаддимадан кейин Энахоннинг кўнгли совуқ бир нарса сезгандай безовта бўла бошлаган эди.

— Нима гап ўзи? — деб сўради у, товушида очиқ билиниб турган бир талваса билан.

— Мени Султонхон юборди…

Шуни айтгандан кейин Умринисабиби сўздан тўхтаб, қизнинг юзига қаради. Қизнинг юзи қоронғида унча очиқ кўринмаса ҳам, у ҳалиги сўзнинг қизга қандай таъсир қилганини англамоқчи ва шунга қараб сўз юритмоқчи бўларди. Қиз, яна ҳам орта тушган талваса билан, бояги саволни такрор қилди:

— Нима гап ўзи?

— Султонхоннинг онаси бирданига ётиб қолибди… Ҳали ҳозир отлиқ одам келиб, уни олиб кетди. Мен эрта биландан бери ўшаларникида ош-сувларига қара-шиб юриб эдим, бирдан мунақа ҳол бўлиб қолгандан кейин мени чақириб олиб, «Энди мен кетаётирман, ноиложман, тезлик билан бориб, Энахонга менинг уз-римни айтиб қўйинг», деди… Паранжимни ҳам ёпинмасдан, югуриб сизнинг ёнингизга чиқдим.

— Энди, эртага меҳмонларни чақириш йўқми?

— Султонхон ўзи бўлмагандан кейин ким ҳам чақиради? У ҳовлида ундан бошқа одамшаванда ким бор? Ўзингиз биласиз-ку, айланай…

Бу совуқ хабар Энахонга ёмон таъсир қилди. У нима дейишини билмасдан, ўйланиб қолди. Берган хабарнинг ёмон таъсирини кўрган Умринисабиби у таъсир-ни камайтирмоқ учун сўз тўқиб кўрди:

— Ўртоқларингиз омон-эсонлик бўлса, яна келишар-ку. Ўшанда Султонхон эртанинг ҳиссасини чиқармай қўймайди… Яхши бола у…

Ётиғи билан Салтанат-хонга айтиб қўйсангиз, эслик қиз, ўзи тушунади…

— Гапни чўзиш нима керак, хола? — деди Энахон. — Бўлар иш бўлибди, менинг шўр пешонам экан, майли!

— Унақа деманг, айланай! Ҳали ёшсизлар, талай суҳбатларни, талай базмларни, талай тўй-томошаларни кўрасизлар. Султонхоннинг ачинганини айтмайсизми?

— Энди ачингандан нима фойда! Бўлар иш бўлибди… Майли энди.

— Бўлмаса, яхши қолинг, мен борай. Супралар, хамирлар шундоқ очиқ-чочиқ қолди. Бориб йиғиштириб қўяй. Кундошлари, ўзингиз биласиз, қайрилиб қараш-майд…

— Ўтириб кетардингиз…

Энахоннинг бу сўзлари лабининг учидан чиққан, муни Умринисабиби ҳам пайқаган эди.

— Яхши қолинг, бўлмаса! — деди Умринисабиби. Сўнгра айвон томонга бориб ўтирмасдан, девор бўйлаб тезгина кўздан йўқолди.

Энахоннинг кечадан бери тортган режалари ва қурган хаёллари бузилган эди. Энди севгили ўртоқларини кўнгилдагидек хурсанд қилиб жўната олмасиди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, келинбибисини чақирди ва бўлган воқеани унга англатди. У ҳам Энахоннинг хафалигига қўшилди, лекин бошқа бирор илож кўрсатишдан ожизлик қилди.

Иккаласи жуда узоқ гаплашдилар, ҳар хил йўлларни ахтариб, ҳар турли маслаҳатни қилиб кўрдилар, ҳеч бири эпақайга келмади.

Охирда, эртага эрта билан ҳалиги хабарни секингина Салтанатга билдирадиган, агар меҳмонлар ўзлари кетмоқчи бўлсалар, «йўқ» демасдан, уларга ижозат берадиган бўлиб, шу маслаҳатда тўхталдилар.

Фақат эрталабгача меҳмонларга ҳеч нарса демадилар. Улар борган жойларидан чарчаб келишиб, ўтирган ўринларида шундоққина узаниб қолган эдилар.

Эрта билан нонушта чоғида Энахоннинг онаси қизига қараб:

— Қизим, бугун меҳмонларингни Султонхонларникига олиб чиқарсан-а? — деб қолмасинми! Бу савол қизни ҳам, келинни ҳам шошириб қўйди, чунки кечаги хабар ҳали ҳеч кимга эшиттирилмаган эди. Уни нонуштадан кейин Салтанатхоннинг ўзигагина изҳор қилмоқчи эмасмидилар? Энди бу содда кампир у «дард»ни кўпчилик олдида очиб қўйди. Қиз, талвасасини беркитишга тиришгани ҳолда, келинбибисига қаради. Келинбибиси бу қарашнинг маъносини дарҳол англади ва кампирга жавоб қайтарди:

— Султонхонларники сал чучмал бўлиб турибди… Энди, меҳмонларимиз қаерни хохласалар, ўша ерга олиб борамизда… Бўлмаса, шу ернинг ўзида яна ёзилишиб ўтирамиз.

Кампир ўринсиз саволдан яна тўхтамади:

— Султонхонларники нега чучмал бўлади? Энахон билан келин энди ҳақиқатни очмоққа мажбур эдилар. Энахонга қараб олгач, келин давом этди:

— Султонхоннинг онаси бирдан нотоб бўлиб қолибди, қизини кеча олдириб кетган экан. Ўзи у ёқда, қандай бўлар экан, деб турибмиз.

Салтанат энди оғиз очди:

— Биз аравани қўштириб жўнасак ҳам бўлар эди. Шаҳарлик қизлардан иккитаси бу фикрга қўшилишди. Фақат Зеби Салтанатнинг елкасига туртиб, қулоғига секингина шивирлади:

— Мунча шошиласиз? Нимангиз қолибди шаҳарда? Неча йилдан бир келиб ҳам тузукроқ ёзилмайликми?

Шу вақтда, салом бериб, мингбошининг қизи Фазилатхон келиб кирди. Ёшлар уни ўринларидан туриб қарши олдилар-да, дастурхонга таклиф қилдилар. Қиз кўнмади, айвоннинг ёнгинасига келиб тўхтади- да, тик тургани ҳолда деди:

— Мен меҳмонларни айтгали чиқдим. Султонхон аям оналари касал бўлиб, кетиб қолдилар. Ойим билан Пошшахон аям меҳмонларни ўзлари чақирадиган бўлишди. Бугун кечқурун, албатта, чиқасизлар!

Сўнгра хайрлашиб, чиқа бошлади.

Уни то кўча эшигигача узатиб чиққан Энахоннинг бесаранжом кўнгли яна ўрнига тушган, ташвишлик юзларига севинч қизилликлари югурган эди.

 

***

 

Акбарали мингбошининг белида кумуш камари, ёнида кумуш сопли қиличи, устида зарбоф чопони бўлмаса, ҳеч ким уни амалдор демайди. Оддий кийимда кўрганлар ё оддий бир қишлоқ бойи, ё Еттисув билан алоқаси бор қўйчи, ё бўлмаса, яйлов томон билан иш кўрадиган туячи, деб ўйлайдилар. Чакка суяклари туртиб чиққан, пешона — бўйига тор, энига кенг ва ҳам узун-узун уч чуқур ажинга эга.. Бурун ўртача, лекин қаншари паст… Кўз қисилиброқ келган, парда томирларидан икки-учтаси ва ҳам иккала кўзининг бир ёнида жиндак жойи ҳамма вақт қизил, бир кўзида пича шапағлиқ асари ҳам бор… Ияк — кенг, жағ — сергўшт. Жуда сийрак бўлган соқол иякнинг ўртасигагина тўпланиб эчкиники сингари, пастга томон сангиллаб тушган. Ўзи қорароқ хотин учраб, бир чанг солса, ҳеч нарса қолмайди! Мўйлов ҳам соқол сингари сийрак. Уста Тўхташнинг «асирдийда» дўкати икки кунда бир қириб турганлигидан лаб устидан калта ва текис бўлса ҳам, умуман ўзи, ярмидан кўпи йиқитилган дарахтзор сингари, хунук кўринади, икки учида олтитадан ўн иккита узун қил, сичқоннинг думидай, ингичка бўлиб пастга чўзилган…

Дўкат билан иккала томонга икки марта қўл тегизилса, у сичқон думларидан асар қолмайди, шу билан мўйлов масхарабоз кепатасидан чиқиб, одам нусхасига киради. Санъатига берилган уста Тўхташ таассуф берилган нарсани йиғиштириб қўйиб, «санъат — санъат учун» деган назардан қараб… Акбарали мингбошига мўйлов тўғрисида ҳалиги таклифни қилган бўлса-да, шундай катта бир амалдор ҳам халқнинг таънасидан қўрқиб, уста Тўхташнинг таклифини рад килди.

Шу билан у масхара мўйловлар аянч бир кепатада сангиллаганча қолиб кетдилар… Мингбошини бу баланд даражаларга кўтариб, унинг воситаси билан ўз димоғларини ҳам чоғ қилиб турадиган шаҳардаги тўралар, унинг икки чаккасида сангиллаб турган у ингичка «кокил»ларни «икки осилганлар», деб пичинг қилардилар… Бу соддадил «сарт» амалдори мунингдек пичингларга тушунмаса ҳам, пичинг қилувчи тўраларнинг ўзлари  осилганлари»дан ҳам сўзда, ҳам ишда жуда яхши хабардор эдилар… Акбарали мингбоши ўзи ёлғиз қолиб «виждони» билан қаршима- қарши келган вақтларида, Мирёқубнинг улуғ хизматларини инсоф билан эсга олар, унга ҳар тўғрида миннатдор бўлганини ўз «виждони» олдида иқрор қиларди. Чинакам, бурунги мингбошига яхши бир улоқчи отни бекорга олиб бергани учун элликбо-шиликка истиҳқоқ қозонганидан кейин, роса олти йиллик умри ўз қишлоғи билан мингбошининг маҳкамаси ўртасида дафтар кўтариб, от чопиш, қишлоқдан одам ҳайдаб чиқиб, катта йўлга сув септириш билан ўтди. Бу олти йилнинг мобайнида бир улоқчи отнинг эмас, неча улоқчи отларнинг ҳиссаси чиқарилган, бурунги беш-тўрт таноб ерга яна бир неча беш-тўрт таноб ер қўшилган бўлса-да, элликбошилик, ҳар қалай, меҳнат, уриниш ва югуриб-йўртишни талаб қиладиган амаллардан эди… Шу чун мингбоши бир йил куз фаслида Останақул бойнинг катта бир қовун сайил қилдирганини сира эсидан чиқаролмайди,

Мирёқуб билан ўша сайилда учрашиб танишгани учун сайилни эсдан чиқаришга «виждони» йўл қўймайди…

Бу орада кўп нарсалар мингбошининг хотиридан фаромуш бўлганлар… У, фақат қовун сайилдан икки кун кейин Мирёқубнинг уйига икки арава қовун-тарвуз билан икки замбар узум, икки чораккина қайроқи буғдой юборганини эслайди. Агар хотираси янглиштирмаса, шундан кейин бирор ой ўтар-ўтмас, бир кун эрта билан кумуш камар боғлаб уйдан чиққанини, ундан бир кун бурун, кечаси дарвозаси олдида шон-шалопли бир миршабнинг пойлоқчи бўлиб чиққанини билади. Мингбоши бўлганидан кейин оз фурсатда Мирёқуб турган қишлоқдан ҳозирги ҳовлини сотиб олиб, у ерга кўчиб борди. Бошқа гаплар аллақачон эсидан чиқиб кетган…

Юртнинг кекса одамлари ўзаро сўзлашаркан, бу мамлакатда ҳеч бир хон ва хонваччанинг мунча узоқ юрт сўрамаганини сўзлайдилар. Маллахонлар, Худоёрлар, Насриддинбеклар юрт устидан баҳор булутлари каби келиб кетган эдилар. Акбарали мингбоши, мана, ўн уч йилдан бери шу маснадида ўтиради, давлати, обрўси, нуфузи тобора ошса ошадики, камимайди.

— Худо берган-да, худо! — дейишади кексалар. — Худоё «ол, қулим», деса, ҳеч гап эмас.

Шундай-да баъзи бир ёш-яланглар:

— Худо ҳадеб шунақа инсофсизларга берар экан-да! Биз, бечораларга ҳам бир нарса узатсинчи! — деб қолишади.

Буни эшитган кексалар таёқ кўтариб, ёш-яланг устига югуришади, бечора ёшлар таёқдан ўзларини олиб қочаркан, бир-бирларига қараб пичинг отишади:

— Нимага қочасан? Худо сенга ҳам бераётир, олмайсанми?..

Юртнинг кексалари бутун бу давлат, ҳукумат ва улуғликнинг — бир оғиз гапини силлиқ ва ёқимли қилиб гапиролмайдиган содда ва тўнг одамга бирданига «насиб ва рўзи» бўлиб қолишида Мирёқуб аканинг катта ҳунари бор эканини яхши билишади. Шу учун Мирёқуб ака кўча-куйда кўринганда, унга бериладиган салом ва қилинадиган таъзимлар, мингбошиникидан кам бўлмайди. Фақат шу қадариси борки, мингбоши у ёқ-бу ёққа жуда кам юради, юрса ҳам миршабларини орқасига эргаштириб, кечаси юради; кундузлари бўлса, фақат шаҳардаги улуғвор чақиртирганда, зарбоф чопонларини кийиб ва татти саманни йўрғалатиб ўтади. Унга салом бериш ва таъзим қилишдан белларга оғирлик келмайди: чунки ойда бир, ўн кунда бир эгилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Аммо Мирёқуб аканинг юриши кўп! У, аксари, пиёда юради, юрганда ҳам негадир шошилиб юради.

«Ассалому алайкум!», деб дона-дона қилиб салом берсангиз, шошилганидан бўлса керак, «васс…», дебгина қўяди. Шу билан бирга, сиз томонга бўйнини қийшайтириб, жуда кичиклик билан алик олади, доим кулимсираб турган кўзларини сиз томонга қиягина бир ташлаб олиб, йўрғалаганича кетади… Жинқарчадай ҳаммавақт ва ҳар қайда кўриниб қоладиган бу «асл мингбоши»га салом бермоқдан белларингиз толади…

Дўконидан ҳар нарса топиладиган бир баққолга «фаранг баққол» деб ном қўйган кексалар ҳар ишда қўли бўлган бу одамга «Мирёқуб эпақа» лақабини бериб, хато қилмаганлар. Ўзлари ҳам бу лақабнинг тўғрилигини осонгина исбот қиладилар:

— У аралашмаган иш эпақага келмайди… Мингбошининг ер-суви шу қадар кўпки, ҳисобини ўзи ҳам билмайди. Лекин худо бу севгили қулига давлатни икки қўллаб узатса-да, фарзанд тўғрисида бир оз ўкситиб қўйган. Дарҳақиқат, катта хотинидан бўлган қизи Фазилатдан бошқа унинг фарзанди йўқ. Мунча катта давлат кимга қолади? Етти ёт бегоналарга, зурриёти йўқ аёлларгами?.. Мингбоши, мана шу амалга илож ахтариб бўлса керак, бир-икки йил ичида ёш хотин олди.

Боладан дарак йўқ… Шу чун, баъзида, ўзи ёлғиз қолиб, меҳмонхонага беркинганида ва ҳатто ўз соясининг ҳам эшитмоқ эҳтимоли қолмаганда:

— «Бу қиз ўлгур ҳам бошқадан бўлмасин…» деб қўяди…

Мирёқуб унинг ёши анчага бориб қолганда, бундай хотинпараст бўлиб кетишига шу фарзанд хусусидаги ноумидлик сабаб бўлмадимикан? деб баъзи-баъзида ўйлаб қўяди. Бир кун нойиб тўраникида (уезд ҳокимининг ўринбосариникида) ичкилик қилиб ўтиришган эдилар, ичкилик қуйилмасдан олдинроқ нойибнинг онаси ўз неварасини олиб кириб қолди. У — тилла сочли, тарвуздай думалоқ, ўзи лўппигина ва оппоқ момиқдай бир бола эди. Мингбоши болани дарҳол қўлига олди ва, ўз ақидасича, «кофир»нинг ва «ўрус»нинг боласи эканига қарамай, маҳкам бағрига босиб ўпди…

Бола мингбошининг башарасидан қўрққан бўлса керак, жон аччиғида йиғлай бошлаган эди… Болани олиб чиқиб кетдилар. Шундан сўнг мингбоши бир-бир устун қуйиб ича берди, ича берди… Мирёқубнинг имолари, ишоратлари, уй эгаларига эшиттирмай қилган танбеҳлари, ҳатто дўқлари… ҳеч бир таъсир қилмади. Мингбоши тамом маст бўлгач, «Болани олиб келинглар», деб сўради. Боланинг онаси бу бадмаст одамга ўз тўқлисини бермоқ истамас эди. Ниҳоят, мингбоши ялиниб-ёлвориб сўрамоққа мажбур бўлди. Ҳатто кўзларига ёш олди…

Сўнгра нойибнинг амри билан болани уйғотиб келтирдилар. Фақат бу вақтда мингбоши ўзидан кетиб, диванга ағанаган эди…

Фарзанддан ва эсдан маҳрум, лекин ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиги Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз қўлига кириб, қанчаси

Мирёқуб омборига тўкилганини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас. Керак бўлганда, мингбоши Мирёқубдан пул сўраб олар, ун, гурунч, гўшт, ёғ ва рўзғорнинг бошқа керакларини бўлса ичкарининг талабига қараб яна Мирёқуб тайёрлаб берар, шу учун жоннинг роҳатидан бошқани билмаган мингбоши ундан нарисини суриштирмас эди.

Мирёқубнинг топиши ёлғиз шу мингбоши орқали бўлса, унга «эпақа» номини қўйиш тўғри бўлармиди? Мирёқубнинг қилмаган иши йўқлигидан шу номни берган эдилар. Қишлоқда иккита баққоллик, битта қассоблик дўкони, гузарда иккита самовар бор.

Билган одамлар бу беш муассасадан тўрти Мирёқубнинг кучи билан айланганини сўзлайдилар. Шаҳарда катта йўлнинг бўйига — қўрғон ташқарисига бир янги пахта заводи тушди, заводнинг каттакон бир пахта саройи ҳам бор-ки, пахта терим вақтида уч тарози билан пахта олади. Ана ўша заводга ҳам Мирёқубни шерик, дейдилар. Воқеан, унинг икки ғилдиракли сариқ файтончаси ва сариқ йўрғаси аксар завод олдида боғланган бўлади. Шаҳардаги катта банкалардан бирида «учёт қўмитаси»нинг аъзоси, ҳафтада бир мажлис ўтказади… Шу билан бирга, унинг бирор жойга чақа солиқ тўлаганини, бирор касбга бирор марта «қизил қоғоз» (патент) олганини ҳеч ким билмайди.

Мингбошининг бошига не қора кунлар келмади! Яхши адвокатлар томонидан битилган ғалати аризалар қандай терговчиларни келтирмади! Қандай зўр тўралар чақириб сўрамадилар! Ҳоким неча марталар ғазаб билан чақиртирмади! Ундай вақгларда мингбоши

Мирёқубнинг таълими билан ҳамма саволларга «билмайман», деб жавоб берар ёки бирор айб-иснод қилинса, тониб тура берарди.

Расмий сўроқлар бу хилда борганда, орқадан Мирёқуб ғайрирасмий йўллар билан сўроқ берар, бир-икки кун шаҳарда қолиб, қишлоққа қайтганида, мингбошининг устидан ҳар қандай оғир тоғ ҳам ағанаган бўларди. Мингбоши қайси бир тўраникига борса, Мирёқуб, албатта, биргалашиб боради; «бу нимага керак?» деб сўраган одам йўқ. Ахир, Мирёқуб амалдор бўлмаса, лоақал мингбошига мирза ё тилмоч бўлмаса, ўзи ўрус тилини тузук-қуруқ билмаса… нега мунақа мингбошининг кетидан элчиб юрарди? Нега?

Мирёқубнинг кўп умри мингбошиникида ўтади, ўзининг ҳовлиси ҳам шу қишлоқнинг ўзида-ку, лекин чеккароқ жойда. Кечалари унинг ҳовлисида бир-икки миршабнинг пойлоқчилик қилиб чиққанини гапирадилар, фақат муни ўз кўзи билан кўрган киши йўқ, бўлса ҳам очиб гапирмайди, ё… гапиролмайди!

 

* * *

 

Бир кун Мирёқуб нойиб тўранинг уйида эди. Бу сафар олиб борган ҳадяси тўрага ниҳоят даражада ёқиб кетган бўлса керак, тўра уни узоқ олиб ўтириб, кўп нарсаларни гапириб берди. Тўранинг тили чарчаб, Мирёқубнинг оғзида биринчи эснаш асарлари кўринган эдики, ташқаридан бир одам кириб келди. Икки томон ёқасига тилладан болға сурати ўрнатилган, новча бўйли, мош-биринч соқолли, хушмўйлов ва бир кўзи жиндак ғилайдан келган бу кулар юзли одам маъруф инженерлардан эди. Нойиб тўра билан бетакаллуф кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ўтирмасдан, тўппа-тўғри столнинг тўғрисига ўтирди ва юмшоқ курсини бир қўли билан қаттиққина қимирлатиб кўргандан кейин, аввал билагидаги тилла соатга қаради, сўнгра «да-да» деб чўзиб қўйиб, курсига ўзини ташлади.

Шундан кейин нойиб тўра Мирёқуб томонга ишорат қилиб ва янги меҳмонга томон бурилиб:

— Бизнинг Мирёқуб билан танишмисиз, азизим?

Ноёб одамлардан! — дегач, у одам ўтирган ўрнида секингина бош силкиб қўйди.

Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган бир заҳарханда билан кулди, инженер эса бурунги кулар юзини ҳам нўқталаб олди.

Муни ноиб тўра яхши пайқади шекилли, Мирёқубга худди меҳрибон отанинг севимли боласига қарайдиган қараши билан илиқ ва мулойим кулиб қаради. Мирёқуб ҳам эрка ўғилдек муқобала қилди. Шу билан бу суҳбатнинг Мирёқуб аралашган кўринишларига парда тортилди-да, иккала билимдон сўзга тушди. Инженер, булбул сингари, сайрай кетди, сайрай кетди!

Мирёқуб адвокат халқининг маҳмадоналигини биларди бу  одамнинг адвокат эмас, инженер бўлганини ҳам ажрата оларди. Шу учун бошда уларнинг тобора қизишаётган суҳбатларига у ҳам қизиқиб қаради. Кейинча тўра ҳам, — меҳмондан юқдими нима? — тилларини бурро қилиб сўзлашга, меҳмоннинг кўп даъволарини акси даъволар билан синдирмоққа тушиб кетгач, бизнинг Мирёқуб секингина қўл узатиб, столнинг бир четида турган катта бир китобни олди. Китоб сурат билан лиқ тўла эди, ҳеч шарпа қилмасдан, уни битта-битта варақлай бошлади.

Тўра Мирёқубни унутди, гўё у бу ерда йўқ каби… Инженернинг оғзидан, баъзи-баъзида сартларга оғир келадиган сўзлар чиқиб кетганидагина, тўра бояги қараш билан Мирёқубга қараб қўяр, лекин ундай фурсатларда унинг икки кўзи китобда бўлса ҳам икки қулоғи, аврашга тушган илондай, диккайганини тўра билмас эди.

Узоқ чўзилган бу суҳбатда Мирёқубнинг қулоғи бир марта жуда ғалати диккайди, ҳатто унинг қоп-қора чиройли кўзларида аллақандай сеҳрли оловлар ёнди. Унинг боши ҳам китобдан кўтарилиб, юзларидан енгил бир қизиллик ёйилиб ўтди. Ўша жойда сартларни камситадиган гап ўтмаганлигидан бўлса керак, тўра ҳам узр сўраган қараш билан Мирёқубга қарамади. Иккала суҳбатдош ўша жойда Мирёқубнинг қулоқларини диккайтирган сўзларни унга ва у мансуб бўлган халққа алоқасиз бир нарса деб қарадилар, шекилли, худди Мирёқуб шу ерда бўлмагандай, ўз ораларидагина ўтказиб юбордилар…

Инженер туриб чиқиб кетгандан кейин Мирёқуб ўрнидан турди ва кетишга ижозат сўради. Тўра у билан хайрлашаркан, инженернинг бояги камситишлари учун яна-тағин узр сўраган бўлди. Мирёқуб фақат кулибгина қўйди, бошқа ҳеч нарса демади. Тўра бу кулишни Мирёқубнинг хурсанд ва рози эканига йўйди ва кўнгли ўрнига тушди.

Фақат Мирёқубнинг кўнгли бир неча кунгача ўрнига тушгани йўқ.

Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!), ниҳояти бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унақа камситишлар ҳар қадамда бор! Ҳаммасига безовта бўла берса, Мирёқуб бечора тўрт кунда сил бўлиб қолмайдими? Йўқ, йўқ! Камситишлар ўша оннинг ўзидаёқ унутилган, ўтган йилги қордек эриб йўқ бўлган, баҳордаги ёмғир каби асари ҳам қолмаган…

Инженер ўша суҳбатда янги — ҳали сир бўлган бир хабарни айтиб эди: шу шаҳардан бошлаб фалон-фалон жойларга поезд йўли тушар экан. Бир ширкат планларини Петербургдаги катта маҳкамаларга топширган, улар тасдиқ қилишга ваъда берганлар.

Аллақайси бир банкка пул бермоқчи бўлган, текшириш учун яқин орада инженерлар чиқар экан. Иморат — бино ишларига ўша инженерни чақирганлар.

Мирёқуб поезднинг қаерлардан ўтишини билиб олган эди. Ўша суҳбатда унинг қулоғи бир диккайди, жуда ажойиб диккайди, лекин!

Ана ўшанда поезднинг ўтиш жойларини миясига жойлаштирган эди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, безовталик ҳаракатга ва ишга айланди. Бир ойга етар-етмас, ўша келажак поезд йўли бўйларидан Мирёқуб жуда кўп — бир неча юз десатин ер сотиб олди. Ерларнинг ҳаммаси деярлик сувсиз, нообод, ташландиқ ерлар эди. Шунча кўп ерга қанча оз пул кетди. Кўплар бу шошилиш савдони бил-мадилар; билганлар Мирёқубни «жинни бўлибди», дедилар.

Ширкат поезд йўли солишга ижозат олиб, тайёргарликларга киришгандан кейингина, Мирёқуб қилган ишини нойиб тўрага айтди.

— Сен худди бир америкаликка ўхшайсан, Мирёқуб! — деди тўра. — Лекин кўнглингга оғир олма, чакки шу сартия ичида туғилиб қолгансан!

Мирёқуб кўнглига оғир олиш тугул, бу гапга севинди балки, юзларига яна ўша енгил қизиллик югурди.

Янги йўлнинг аллақайси бир жойида кўз илғамас бир чўл бор эди.

Чўл, қуп-қуруқ чўл… Сув — пастда, чуқурда. Атрофдаги деҳқонлардан баъзилари у ерни экин ерига айлантириш учун турли даврларда якка-якка уриниб кўрган, лекин ҳамма қилган меҳнатлари бекор кетиб, у ердан хафсалалари пир бўлганди. Ҳали ҳам у чўлда унумсиз қолган одам меҳнатининг асарлари, тўғриси, харобалар кўринади: ариқлар, экин, поллари, марзалар, бир неча туп қуриган тут дарахтчалари…

Мирёқуб оз пул, кўп усталик сарф қилиб ўша чўлни ўз номига ўтказди. Фақат бу вақтларда поезд йўлининг режалари тортила бошлаганлигидан, одамлар Мир-ёқубни «жинни» демадилар, балки «бу — бир нарсани билиб қилади», дедилар.

Поезд йўли солиниб битмасдан туриб, у чўлга неча тегирмонлик катта сув чиқди. Аввало ўз чўнтагининг, қолаверса, отахон мингбошининг ёрдами билан чўлнинг ўртасидан катта бир ариқни ўтказиб қўйди. Шундан кейин ерсиз деҳқонларга чек бўлиб бера бошлади. Кўп ўтмай, у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб «Парпи чеки» бўлди

(нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар «Парпи тўра» дейдилар.)

Кейинча чўлнинг бир четига поезд станцияси тушди, ёни-берига чойхоналар, дўконлар, саройлар солина бошлади. Поезд йўли очилгандан кейин ўша жойдан пахта заводи учун ер танладилар.

Болгариялардан иборат уч кишилик бир ширкат яна ўша жойдан анча ер сотиб олиб, каттакон бир мевалик боғ ва зўр бир сабзавот полизи вужудга кел-тирди.

Ҳар қалай, поезд ўтгандан кейин, бир неча йил орасида Мирёқубнинг қўлида жуда оз ер қолди, ҳаммаси ҳар кимга ўтиб кетди. Мирёқуб ерни унча севмайди, ер қўлдан чиқса, хафа бўлмайди.

Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга киргандир, муни худо билади-ю худонинг севимли бандаси қоракўз

Мирёқуб билади!..

(давоми бор)

Абдулҳамид ЧЎЛПОН

 

 

 






Загрузка...


Губернаторы России
Москва

Собянин: В Москве выполнена модернизация уже 10 газопроводов-дюкеров


Спорт в России и мире
Москва

Тулячка заняла первое место в международных спортивных играх детей городов-героев


Загрузка...

Все новости спорта сегодня


Новости тенниса
WTA

Павлюченкова и Потапова не смогли выйти в финал турнира WTA в Мадриде в парном разряде


Загрузка...


123ru.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.


Загрузка...

Загрузка...

Экология в России и мире
Москва

Чиновники в Эртиле, рекультивируя полигон ТКО за 484,72 млн рублей, создали новую свалку в 2 га





Путин в России и мире
Москва

Эксперт Президентской академии в Санкт-Петербурге о развитии социально-экономического потенциала территорий России


Лукашенко в Беларуси и мире
Минск

В Минске одобрен проект соглашения о системе таможенного транзита ЕАЭС




123ru.netмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "123 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Smi24.net — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

123ru.net — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.





Зеленский в Украине и мире

Навальный в России и мире


Здоровье в России и мире


Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России






Загрузка...

Загрузка...



Валерий Гергиев

Алексей Дюмин поздравил с днем рождения Валерия Гергиева



Москва

Беременная Малахова пришла на ММКФ в прозрачном белье

Друзья 123ru.net


Информационные партнёры 123ru.net



Спонсоры 123ru.net