Қочқиндаги ўзбекистонлик жиноятчилар Москва шаҳрида қўлга олинди…
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси сўровига кўра Москва полициячилари уч нафар ўзбекистонлик жиноятчини тутиб, ватанга қайтаришди. Улар 2019 йил 17 март куни Москвада қўлга олинган. Жиноятчиларнинг бири 27 ёшли Андрей Ш. фирибгарлик ва ўғирликда, 27 ёшли наманганлик Абдумуталибхон Х. фирибгарлик, 32 ёшли Григорий С. ноқонуний тарзда наркотик моддаларни сақлаш ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни содир этишда айбланган.
24 март куни эса Новосибирскда 39 ёшли Лутфилло Р. полициячилар тарафидан қўлга олиниб, ватанга қайтарилган. У Ўзбекистонда фирибгарлик жинояти содир этганликда айбланган.
Барча жиноятчилар ўзга давлатда беркиниб яшаганига қарамай, улар жойлашган манзилни аниқлашда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.