Жанаўзенда бир ҳафтада уч марта қўлга олинган Озодликнинг мухбири жаримага тортилди
Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида бир ҳафта ичида уч марта қўлга олиниб, қўйиб юборилган Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири Сания Тойкен полиция буйруғини бажармаганликда айбдор деб топилди ва суд томонидан 50 500 танга (тақрибан 135 доллар) миқдорида жаримга тортилди.
Сания Тойкенга нисбатан суд 12 март куни бўлиб ўтди. Тойкен айбловни тан олмади ва суд жараёнини журналистик фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадидаги сиёсий буюртма деб баҳолади.
Тойкен охирги марта 11 март куни қўлга олинган ва 12 мартгача полиция бўлимида ҳибсда сақланган эди.
Тойкен Жанаўзенда нефть саноатида ишловчиларнинг норозилик намойишларини ёритиб келади. Аввалги сафар қўлга олинганида полиция уни ўз фаолияти ҳақида сўроқ қилган.
Жанаўзенлик норозилар журналистни ҳибсдан озод қилиш талаби билан ҳам намойиш ўтказдилар.
“Ўзенмунайгаз” компанияси нефтчиларининг меҳнат шароитларини яхшилашни, минтақавий ва соҳа коэффициентларини ҳисобга олишни талаб қилиб, 2011 йил 16 декабрда ўтказган иш ташлашини полиция қўшини бостириб, намойишчиларга қарата ўқ отган эди. Расмий маълумотларга кўра, натижада камида 16 киши ҳалок бўлган, юзлаб одам яраланган.