Тошкентда дипломатия университети талабалари тунги клубдаги пичоқбозликда иштирок этишди
25 февраль куни пойтахтдаги Tet-a-tet тунги клубида пичоқбозликка олиб келган муштлашув содир бўлган.
UzNews.uz манбасининг хабар беришича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари иштирок этган муштлашувда беш киши жабрланган.
Маълум бўлишича, талабалар ва клуб меҳмонлари ўртасида муштлашувга сабаб бўлган келишмовчилик келиб чиққан. Ҳодиса вақтида муштлашув иштирокчиларининг бири беш кишига пичоқ билан зарба берган. Вафот этганлар йўқ.
Ҳозирда Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми "е,к" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавжуд маълумотларга кўра, икки бош гумондор қамоққа олинган. Жабрланган икки талабага тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг бирига эса шифохонадан ҳам жавоб берилган.
Қайд этиш жоиз, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида туман ҳокимияти ва ички ишлар органлари вакиллари иштирокида талабаларга тушинтириш ишлари ўтказилган.