“Ўзбекистоннинг маданий мероси” II халқаро конгресси Санкт-Петербургда бўлиб ўтади
Конгресснинг асосий мақсади мамлакатимиз маданий ва бадиий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича кейинги ишларни амалга ошириш учун халқаро илмий доираларни бирлаштиришдир.
Конгресс доирасида Ўзбекистон санъати тарихининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, сўнгги уч йил ичида амалга оширилган ишларни баҳолаш ва узоқ муддатли режалар тузиш режалаштирилган. Секция мажлислари Санкт-Петербургнинг 7 музейида ўтказилади.
Ўзбекистон усталарининг ижодий лабораториясини ташкил этиш ва музейларга замонавий санъат ва ҳунармандлик намуналарини туҳфа этиш режалаштирилган.
Конгресс иштирокчилари учун кенг миқёсли маданий дастур тайёрланди, унинг мақсади мамлакатимизнинг энг бадавлат анъаналари билан танишишдир.
Конгресс кунларида расмий тадбирлар билан бир қаторда шаҳарнинг энг яхши музейлари ҳам ўзбек санъати кўргазмасини очадилар. Экспозиция учун қуйидаги майдонлар жалб қилинган:
Россия этнография музейи, Россия Фанлар Академияси Шарқ қўлёзмалар институти, Давлат эрмитажи, Кунсткамералар, Россия Миллий кутубхонаси, Динлар тарихи давлат музейи, Россия Фанлар Академияси рус адабиёти институти (Пушкин уйи).
Футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида Санкт-Петербургдаги ушбу кўргазмаларнинг ўтказилиши жаҳон ҳамжамияти ва шимолий пойтахт меҳмонларини янада кўпроқ қизиқтиради.
Кўргазма кунлари давомида Конгресс иштирокчилари ва меҳмонлар ўзбек санъатининг ноёб асарлари, Алишер Навоийнинг қўлёзмаларининг қайта айнан тикланган нусхалари ва ушбу музей коллекцияларида сақланадиган бошқа асарларни кўришлари мумкин.
Бир пайтнинг ўзида Санкт-Петербургнинг етакчи музейларида ўзбек кўргазмаларини ташкил этиш ва шу даражада кенг миқёсда ўтказиш мисли кўрилмаган воқеадир. Бу маҳаллий, рус ва халқаро жамоатчилик эътиборини Ўзбекистон маданияти ва санъатига қаратади.
Конгресс билан бирга ўтказиладиган кўргазмалар Марказий Осиёда адабиёт ва санъатни ўрганаётган олимлар учун бебаҳо воқеа бўлади.