“Она ва бола скрининг” марказларининг моддий-техника базаси ривожлантирилади
2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
Қарорда қуйидаги вазифалар назарда тутилган:
шаҳарлар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлинакаларида ҳомиладор аёлларнинг туғишидан олдин оммавий ультратовуш текширувидан ўтказилишини жорий этиш;
ҳомиланинг генетик синдроми бўйича хавф гуруҳини аниқлаш учун ҳомиладорликнинг эрта муддатларида аёллар қонини босқичма-босқич биокимёвий текширувдан ўтказиш (220 минг нафардан ортиқ ҳомиладор аёлни текшириш режалаштирилмоқда);
310 минг нафардан ортиқ аёлларни ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида туғишгача биокимёвий скринингдан ўтказиш;
тандем масс-спектрометрия усули билан ирсий алмашинув касалликларини тасдиқлаш учун болаларни текшириш (18 мингдан ортиқ текширув);
ривожланишида туғма ногиронликка олиб келадиган нуқсонлари бўлган болалар туғилишини икки баравар камайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, диспансер ҳисобида турган ва янгидан ҳисобга олинган ирсий касалликларга чалинган болаларни махсус даволайдиган озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш давом эттирилади.
Режалаштирилаётган тадбирларни амалга ошириш янги туғилган чақалоқларни скрининг текширувидан ўтказишни 95 фоизгача ошириш ва болалар ногиронлигига олиб келадиган ирсий касалликларга чалинган болаларни барвақт аниқлаш бўйича диагностика ва даволаш тадбирларининг самарадорлигини ошириш имконини беради.
Барчага маълумки, соғлом она ва бола – жамиятнинг таянчи, шу сабабли соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, энг аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган.