Моҳидил Ўктамжонова қизлар ўртасида Жаҳон чемпионига айланди
Пойтахтимизда ўтказилган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилган финал баҳслари ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ниҳоясига етди. Ушбу нуфузли спорт тадбирида World Taekvondo Президенти Чунгвон Чои, Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WТ ассосиацияси раиси Шерзод Ташматов каби нуфузли шахслар иштирок этди.
Мусобақанинг энг ёрқин юлдузларидан бири — -63 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Моҳидил Ўктамжонова бўлди. У барча рақибаларини ишончли тарзда мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди ва ўзининг тенгсиз эканини амалда исботлади.
Бу натижа Ўзбекистон спорти учун ҳақиқий тарихий ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Чунки шу пайтга қадар таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қизларимиз олтин медалга сазовор бўлмаган эди. Энди эса Моҳидил Ўктамжонова нафақат чемпион, балки мамлакатимиз тарихида илк бор ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган қиз сифатида номини ёзиб қолдирди.
Шу билан бирга, жамоамизнинг бошқа вакиллари ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишди. Хусусан, Асадбек Самандаров ва Ёсинбек Одилов олтин медалларга эришган бўлса, Аюбхон Набиев ва Алишер Пак кумуш медалларни қўлга киритишди. Шоҳжаҳон Холмуродов эса бронза совринига сазовор бўлди.
Натижада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақани 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медал билан якунлаб, ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди.
Эътиборлиси, навбатдаги — 2028 йилги жаҳон чемпионати Лима шаҳрида бўлиб ўтади. Демак, ёшларимиз учун янги синовлар ва янги имкониятлар ҳали олдинда.
Қисқаси, бу ғалаба — нафақат спортчилар, балки бутун мамлакат учун катта фахр. Ва энг муҳими, бу ҳали старт, чунки бу авлодда потенциал жуда юқори.
