Непомняшчий Сафоновни ёш футболчиларга намуна деб атади
Россиялик мураббий Валерий Непомняшчий «ПСЖ» дарвозабони Матвей Сафоновни ёш футболчилар учун ибрат сифатида кўрсатди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Непомняшчийнинг таъкидлашича, Сафоновнинг Париж клубида асосий дарвозабонга айлангани қувонарли ҳолат. Мураббий Матвей узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолган бўлса-да, таслим бўлмагани ва майдондаги ишончли ўйини билан ўзини тўлиқ исботлаганини айтди. Бу фикрларни «RB Sport» келтирди.
26 ёшли посбон жорий мавсум Франция Лигасида 4 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ўтказиб юборди. Яна 2 ўйинда у дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Шунингдек, Сафонов Чемпионлар Лигасида 2 баҳсда иштирок этиб, 1 та гол ўтказди.
Сафоновнинг француз гранд билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ўрталаригача мўлжалланган.
