Оле Вернер Еврoкубоклар мақсадини аниқ белгилади
“РБ Лейпциг” бош мураббийи Оле Вернер “Санкт-Паули”га қарши учрашув олдидан матбуот анжуманида қатнашди. Ёмон об-ҳаво сабаб қолдирилган Бундеслиганинг 16-тур ўйини 27-январ куни 22:30 да (Тошкент вақти билан) бошланади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Вернер рақиб ҳақида гапирар экан, “Санкт-Паули” мавсумни яхши бошлаганидан кейин очколар борасида пасайиш бўлганини, бироқ кейинчалик ҳимояда барқарорлик ва ўтган йилги кучли жиҳат бўлган ихчамликни қайтарганини таъкидлади. Мураббий рақиб таркибида тезлик ва сифатли пас бера оладиган футболчилар етарли эканини айтиб, жамоаси бундай услубга тайёр туриши кераклигини қайд этди.
Сафардаги муҳит масаласида Вернер “Миллернтор” аренаси катта бўлмаса-да, мухлислар жуда шовқинли эканини, улар ҳар доим жамоасини ижобий қўллаб-қувватлашини айтди. У жамоани бунга алоҳида тайёрлаш шарт эмаслигини, у ерда ўйнаш ёқимли эканини ва аввалги учрашувларидан кўпроқ ижобий хотиралари борлигини қўшимча қилди.
Еврoкубоклар учун кураш ҳақида сўз юритган Вернер “РБ Лейпциг”ни яхши номзодлардан бири деб ҳисоблашини билдирди. Унинг айтишича, жамоа ҳозир деярли ҳар ўйинда 2 очкодан тўпламоқда ва “Санкт-Паули” устидан ғалаба бу кўрсаткични янада яхшилайди. Мураббий пешқадамлар орасида 6-7 клуб жуда яқин кетаётганини, улар орасида “РБ Лейпциг” ҳам борлигини таъкидлади.
Вернернинг фикрича, энг муҳим жиҳат — ўз ўйинига эътибор қаратиш ва клуб ривожини давом эттириш. У мавсумдаги асосий вазифа Еврoкубоклар йўлланмасини қўлга киритиш эканини очиқ айтди: “Биз тўғри йўлдамиз. Агар якунда кучли тўртликда тугатсак, бу янада яхши бўлади”.
400 кунлик жароҳатдан кейин Бенжамин Ҳенрихснинг қайтиши ҳақида мураббий аввало футболчининг тиклангани қувончли эканини, энди унинг сифатларига эга ўйинчи таркиб танлашда яна бир вариант бўлиб турганини айтди. Вернер Ҳенрихсга ўйин формасини тиклаш учун вақт кераклигини ҳам эслатиб, у тез орада майдонга тез-тез тушишига ишонч билдирди.
Таркибдаги сўнгги ҳолат бўйича эса Кастелло Лукеба тиззасидан олган жароҳати сабаб ҳамон сафдан ташқарида ва ўйинни ўтказиб юборади. Йохан Бакаяоко жамоа билан машғулотларга қайтаётган бўлса-да, бу сафар майдонга тушмайди. Шунингдек, Ассан Уэдраого ва Вигго Гебел ҳам ўйинга тайёр эмас.
Ҳозирда “РБ Лейпциг” 35 очко билан 5-ўринда бормоқда, “Санкт-Паули” эса 13 очко билан 17-поғонада жойлашган.
