Гвардиола кечаги ўйинда пенальти берилмаган эпизоддан норози бўлди
Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Вулверхэмптон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бироқ ғалабага қарамай, “шаҳарликлар” бош мураббийи Пеп Гвардиола учрашувдаги айрим ҳакамлик қарорларидан кўнгли тўлмаганини очиқ билдирди.
Баҳснинг 35-дақиқасида “Сити” ҳужумчиси Омар Мармуш ҳаводан келаётган тўпни назорат қилишга уринган пайтда, тўп рақиб ҳимоячиси Ерсон Москеранинг тирсагига тегди. Эпизодни АПЛда илк бор бош ҳакам сифатида ишлаётган Фарай Халлам кўриб чиқди ва қўл табиий ҳолатда бўлгани учун пенальти белгиланмаслигини айтди.
Гвардиола эса бундай қарорни қабул қилиш қийинлигини яширмади ва ҳакамнинг бу учрашувдаги дебюти ҳам эндиликда кўпчиликка “танилиб қолиши”га сабаб бўлганини кесатиқ билан таъкидлади.
— Ҳакам дебют ўйинини ўтказди, энди уни ҳамма танийди. Менимча, у мониторни кўриб, “қўл табиий ҳолатда” деган баҳона билан пенальтини бекор қилган биринчи ҳакам бўлди, — деди Гвардиола.
Пепнинг фикрича, бу мавзуда тез орада Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Говард Уэбб тушунтириш бериши керак. У бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлганини, хусусан “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашувдаги баҳсли эпизодни эслаб ўтди.
Гвардиола “Юнайтед” билан ўйиндаги вазият оқибатида Жереми Доку “Будё-Глимт”га қарши баҳсни ўтказиб юборганини ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, шунча баҳсли қарорлардан кейин жамоатчиликка аниқ ва тезкор изоҳ керак.
— Ишончим комил, эртага Говард Уэбб ОАВда пайдо бўлади ва нима учун бу пенальти эмаслигини тушунтиради. Эртага чиқсин — чоршанбагача чўзиш керак эмас, у куни Чемпионлар Лигаси бор, биз банд бўламиз, — дея кескин oҳангдa якунлади мураббий.
Шу тариқа, 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабага қарамасдан, “Манчестер Сити” лагеридан ҳакамликка нисбатан эътирозлар яна бир бор кун тартибига чиқди. Энди эса мухлислар Говард Уэбб томонидан берилиши мумкин бўлган расмий изоҳни кутмоқда.
