Бабаян жамоасининг кечаги мағлубиятидан сўнг нималар деди?
«Ал-Аҳли» – «Андижон» (2:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб берди.
Самвел Бабаян учрашувдан сўнгги фикрларини очиқ ва холис тарзда баён қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур баҳс «Андижон» учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
— Афсуски, жуда муҳим ўйинда мағлубиятга учрадик. Агар бу беллашувда ижобий натижа қайд этганимизда, гуруҳдан чиқиш имконияти сақланиб қоларди. Ростини айтганда, бугун биздан кучлироқ жамоага қарши ўйнадик. Учрашув олдидан учта асосий жиҳатга эътибор қаратгандик: ўйинни тўғри ташкил қилиш, интизом ва ғалабага чанқоқлик. Афсуски, шу омиллардан фақат охиргисинигина майдонда намойиш эта олдик. Қолган компонентларда рақиб билан тенгма-тенг кураша олмадик, — деди мураббий.
Шу билан бирга, Бабаян ўз шогирдларининг ҳаракатларини ижобий баҳолади:
— Объектив қарасак, футболчилар бор кучини берди. Майдонда қўлларидан келган барча ишни қилишди. Шу сабаб уларга нисбатан эътирозим йўқ. «Ал-Аҳли»ни кейинги босқичга чиққанлиги билан табриклайман. «Андижон» эса, ишонаманки, ўз ғалабаларини кейинги мавсумда давом эттиради.
Матбуот анжуманида журналистлар «Андижон» учун мавсум якунлангани ва энди олдинда қандай режалар борлиги ҳақида ҳам савол беришди.
— Келгуси мавсумда юқори мақсадлар қўйиш учун селекция ишларини кучайтиришимиз шарт. Бу борада аллақачон муайян қадамлар ташлаяпмиз. Даражаси юқори бўлган айрим футболчилар билан шартномалар имзоланди ва улар кейинги мавсумда жамоа шарафини ҳимоя қилади. Янги келадиган ўйинчилар ҳамда амалга оширилаётган ишлар «Андижон»ни янада кучли жамоага айлантиради, деб ишонаман. Сабр қилсак, мухлисларимиз фахрланадиган жамоани шакллантирамиз, — деди Бабаян.
Шу тариқа, мағлубиятга қарамай, "Андижон"да келажакка ишонч сақланиб қолмоқда. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби янги мавсумда жамоани янада рақобатбардош қилиш ниятида. Мухлислар эса энди келаси йилда майдонга чиқадиган «Андижон»дан кўпроқ ғалабалар кутишлари мумкин.
