Ҳаити президентининг ўлдирилишига 28 киши алоқадор бўлиши мумкин
Полиция раҳбари Леон Шарлга кўра, ҳозирда 15 нафар Колумбия фуқароси ва икки нафар АҚШ фуқароси ҳибсга олинган. Уч колумбиялик полиция амалиёти чоғида ўлдирилган, яна саккиз кишини қидириш давом этмоқда.
Қўлга олинганлар Ҳаити полицияси раҳбари ўтказган матбуот анжуманига кишанбанд ҳолда олиб келиниб, журналистларга кўрсатилган. Шунингдек, улардан мусодара қилинган қурол-аслаҳа, Колумбия паспортлари, рациялар ва бошқа ускуналар намойиш қилинган.
Леон Шарль полиция жиноят ташкилотчиларини қидираётганини қўшимча қилган.
Колумбия ҳукумати Ҳаити президентининг ўлдирилишини тергов қилишда кўмаклашишга ваъда берган. Вашингтон Моизга ҳужум қилганларнинг уч нафари АҚШ фуқаролари бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча тасдиқламади.
Ҳаити президентининг мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсдаги қароргоҳига ҳужум 7 июлга ўтар кечаси юз берган эди. Кузатув камераларидан олинган видеода қора кийимли қуролланган одамлар ўзларини АҚШ гиёҳванд моддалар савдоси қарши кураш агентлиги ходимлари деб таништириб, ҳаммага полга ётишни буюради. Президент Жовенел Моиз шу ернинг ўзида ўлган. Унинг танаси ўқлар қолдирган 12 жароҳат аниқланган. Рафиқаси Мартин Моиз ҳам яраланган ва кейинроқ АҚШга даволанишга жўнатилган.
Президент хавфсизлиги хизмати раҳбарлари суиқасд вақтида зарур чораларни кўрмаганликда (ҳаракатсизликда) айбланмоқда. Хизмат ходимлари сўроққа чақирилган.
