Бишкекда аёлларни алдаб пулларини қўлга киритишга уста фирибгар қўлга олинди…
Бишкек шаҳар Октябр туман ички ишлар бўлими ходимлари 1992 йили туғилган М. Б. исмли эркакни қўлга олди. Унинг устидан яқинда Д. Ф. исмли аёл шикоят қилганди. Шикоят аризасида кўрсатилишича, аёл бу йигит билан интернетдаги танишув сайтларидан бири «Badoo» да танишган. Илк учрашувда эркак ўзини Ойбек дея таништирган. Кейин эса гўё ким биландир тез гаплашиб олишини айтиб, аёлдан қўлидаги баҳоси 11 минг 500 сом турадиган «Редми» русумли телефонини бериб туришини сўраган. Аёл унга шу қадар қаттиқ ишониб қолгандики, сира шубҳаланмай, телефонни қўлига тутқазди. Кўрибсизки, Ойбек исмли бу фирибгар шу заҳоти изсиз ғойиб бўлди.
Тергов ҳаракатлари натижасида фирибгар илгари ҳам худди шунга ўхшаш жиноятлар содир этгани учун қамалиб чиққани маълум бўлди. У интернетда ўтириб аёллар билан танишаркан-да, тез фурсатда уларнинг ишончига кириб, пул, қимматбаҳо тақинчоқлари, смартфонларини ўмариб қочаркан. Кейин уларни сотиб пулини шахсий эҳтиёжи учун сарфларкан.
Фирибгар чув туширганлар сони ҳозирча 10 кишидан ошиб кетди.
