Астраханлик аёл никоҳсиз эрини пичоқлаб ўлдиргач, балкондан туриб бутун маҳаллага бу ҳақда жар солди…
Астрахан вилоятига қарашли Знаменск шаҳрида яшовчи исми-шарифи сир тутилган 36 яшар аёл туққан онасининг уйида 35 ёшли никоҳсиз эри билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилди. Кайфлари ошгач, орада жанжал чиқди. Шунда аёл аста ошхонага чиқди-ю, ошпичоқни қўлига олиб ортга қайтди ва эркакнинг кўкрак қафаси қисмига жиддий тиғ жароҳати етказди. Кейин эса балконга чопиб чиқиб, бутун маҳаллага қилиб қўйган иши ҳақида жар сола бошлади. Маҳалладагиларнинг бири дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимларига хабар берди.
Эркак жароҳат ўта оғирлиги сабабли ҳали «Тез ёрдам» етиб келмасдан, ўша ернинг ўзида вафот этди.
Ҳозирда аёл қўлга олинган. Ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.