Сурияда ҳаво ҳужумидан Ассадга содиқ 40 жангари ҳалок бўлди
Сурияда президент Башар Ассадга содиқ кучлар ва унинг иттифоқчилари бўлган гуруҳларнинг камида 40 аскари Исроил томонидан берилгани таҳмин қилинаётган ҳаво зарбасидан ҳалок бўлди.
Reuters агентлигининг ёзишича, Исроил томони Эрондан Сурияга жангарилар ва қурол олиб ўтиладиган ҳудудни бомбардимон қилган.
Associated Press агентлиги эса АҚШ разведкасидаги манбасига таянган ҳолда ҳаво зарбалари Қўшма Штатлар тақдим этган разведка маълумотлари асосида амалга оширилганини, бундан мақсад Эрондан олиб келинган қуроллар сақланувчи омборни йўқ қилиш бўлганини билдирди.
Хабарларда айтилишича, Исроил ҳарбий учоқлари Эрон чегараси яқинидаги Дайр аз Зор туманига йигирмага яқин ҳаво зарбаси берган.
Сурия ҳукуматига қарашли SANA агентлиги ҳам ҳужум Исроил томонидан уюштирилгани тўғрисида хабар берди.
Исроил бу хабарларга ҳозирча муносабат билдирмади.