Туркманистонда 18 йилдан бери қамоқда сақланаётган собиқ амалдор вафот этди
“Улар тирик эканини исботла” ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи 18 йилдан бери қамоқда сақланаётган собиқ туркман амалдори вафот этганини маълум қилди. Гуруҳнинг билдиришича, унинг олдига мана шу йиллар давомида адвокатлар ва қариндошлари киритилмаган, тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, 64 ёшли Язгелди Гундогдиев 28 декабрь куни Тежен шаҳри қамоқхонасида вафот этган.
Гундогдиев Совет Иттифоқи пайтида СССР Олий Кенгаши депутати бўлган. Кейинроқ Туркманистон президенти маъмуриятининг халқаро алоқалар бўлимини бошқарган ва вилоятлардан бирининг ҳокими бўлган.
Язгелди Гундогдиев 2002 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд қилишда айбланиб қўлга олинган ўнлаб амалдорлардан биридир. 2003 йилда Язгелди Гундогдиев суд ҳукми билан 25 йилга қамалган.
“Сапармурод Ниёзов жонига қасд қилмоқчи бўлганларнинг раҳбари” сифатида ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов айбланган. Айрим хабарларда у 2002 йилда Ашхабоддан 50 километр олисликда Қизилқум чўлида қурилган Овадан Депе қамоқхонасида сақлангани айтилади.
Шихмурадов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Туркман ҳукумати Борис Шихмурадов қайси қамоқхонада сақланаётгани ҳақидаги маълумотларни сир сақламоқда. Шунингдек, Шихмурадовнинг ўлими тўғрисидаги хабарларни ҳам ҳукумат тасдиқлаган ёки инкор этган эмас.