ИИВ мулозимаси одам савдоси Каримов давридагидан 6 бараварга камайганини иддао қилди
Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2020 йилда 2012 йилдагига нисбатан олти баробарга камайган. Бу ҳақда 7 январь куни АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти масъул ходимаси Наргиза Ҳожибоева маълум қилган.
Мулозимага кўра, 2012 йилда одам савдоси билан боғлиқ 574 та жиноят содир этилгани аниқланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 94 тани, 2020 йилда эса 74 тани ташкил этган.
Айни пайтда Н. Ҳожибоева брифинг чоғида 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар доирасида Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланганини қайд этган.
Чақалоқ савдосига сабаб бўлаётган асосий омиллар ўлароқ Тергов департаменти масъули қуйидагиларни санаган:
боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани ва моддий эҳтиёжлари таъминланмаганлиги;
турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладор экани ҳамда чақалоқни оиласидан яширишга уриниши;
фарзанд кўрмаган оилалар томонидан чақалоқ асраб олишга эҳтиёж мавжудлиги;
чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий асоснинг йўқлиги.
Брифингда иштирок этган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ўғилой Ўрозова “чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти хотин-қизлар томонидан содир этилаётгани жуда аянчли ҳолат” эканини таъкидлаган.
Мулозимага қайдича, ушбу жиноятга қўл урган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилганда уларнинг кўпчилиги бугун оғир турмуш шароитида ва моддий қийинчиликда яшаётгани, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда психологик ёрдамга муҳтожлиги аниқланган.