Адвокатларга тергов ҳибсхоналарида электрон воситалардан фойдаланишга рухсат берилди
Бундан буён адвокатлар ҳибсхонада ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалар - мобил телефони, фотоаппарат ва диктофондан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди.
UzNews.uz нашрининг билдиришича, Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
«Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хонада ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади”, дейилади хабарда.
Адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.