Беларусь: Лукашенкога қарши намойишларда яна юзлаб одам ҳибсга олинди
22 ноябрь куни Беларусда президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишларининг камида 350 нафар қатнашчиси ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари маълум қилди.
Мухолифат рамзига айланган қизил-оқ байроқларни қўлида тутган намойишчилар Минск атрофида бир нечта жойларда тўпланиб, «Яшасин Беларусь!» дея ҳайқирдилар.
Намойиш ташкилотчилари аҳолини катта гуруҳлар тузишдан олдин пойтахт атрофида турли жойларда кичик гуруҳлар тузишга чақирган эдилар.
Минск марказидаги метро станцияларининг бири ёнида полиция намойишчиларга қарши шовқинли гранаталарни ишга солди. Шаҳарнинг бошқа бир қисмида ниқобли офицерлар айрим намойишчилар қўлларидаги мухолифат байроқларни йиртиб ташлашди.
Пойтахтнинг бир неча қисмида ҳарбий транспорт воситалари карвонлари кузатилди.
«Весна» инсон ҳуқуқлари гуруҳи ҳисобларига кўра, мамлакат бўйлаб 350 дан ошиқ намойишчи ҳибсга олинган. Уларнинг аксари пойтахтда қўлга олинган.
Минскда фаолият юритаётган кўнгиллилар гуруҳи полиция бўлимларидан камида тўрт киши тез ёрдам машиналарида олиб кетилганини билдирди.
22 ноябрда Гродна, Бобруйск, Волковиск, Смолевичи, Гомель, Брест, Пинск, Новополоцк ва бошқа шаҳарларда ҳам ҳукуматга қарши юришлар бўлиб ўтди.
Беларусда август ойида бўлиб ўтган президент сайловида амалдаги президент Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери норозилик акциялари тўхтамаяпти.
Уч ойдан бери давом этаётган намойиш қатнашчилари Лукашенконинг истеъфоси ҳамда янги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқдалар
Сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келаётган мухолифат ҳуқуқ-тартибот идораларининг шафқатсиз таъқибларига қарамай, намойишларни тўхтатмаётир.
Охирги икки якшанбада ўтган намойишларда 1000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.
Намойишчилар Лукашенкодан ҳокимиятни мухолифат лидери Светлана Тихановскаяга топширишни талаб қилмоқда. Мухолифат сайловда аслида Тихановская ғалаба қозонган, деб ҳисоблайди.
Бугунга қадар минглаб намойишчи ҳибсга олинди, бир неча намойишчи ўлдирилди.
Қатор журналистлар жазоланди ва мамлакатдан чиқариб юборилди, мухолифат етакчилари эса қамоққа ташланди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар.