Россиянинг ўнлаб шаҳрида бомба ўрнатилгани тўғрисида полицияга ёлғон маълумотлар берилди
Россиянинг қатор шаҳарларида бир вақтнинг ўзида полицияга бомба ўрнатилгани тўғрисида ўнлаб қўнғироқлар бўлгани ортидан мактаблар, вокзаллар, савдо марказлари, олийгоҳлар ва кинотеатрлар ёпилиб, у ердан одамлар эвакуация қилинди.
Расмий маълумотда айтилишича, 12 сентябрда бундай қўнғироқлар Красноярск, Жанубий Сахалин, Владивосток, Перм, Челябинск, Копейск ва Магадан шаҳар полиция бўлимларига қилинган.
Масалан, Ставрополда бомба ўрнатилгани тўғрисида 40та қўнғироқ бўлган. Жанубий Сахалинда эса полицияга номаълум шахслар бирданига бир нечта савдо марказига бомба ўрнатилганини айтганлар.
-Владивостокда полицияга бир неча ерга бомба ўрнатилгани тўғрисида таҳдид билан қўнғироқ қилишди. Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги маълумотларни текширмоқда ва қўнғироқ қилган шахсни изламоқда, -деди Владивосток полицияси матбуот котиби Ирина Серова.
Полиция ўтказган текширувлар натижасида мазкур шаҳарларнинг ҳеч бирида бомба топилмаган.