Раҳбарлари алмашган Диний қўмита ИИВ ва маҳалла билан ҳамкорликни кучайтиради
![Раҳбарлари алмашган Диний қўмита ИИВ ва маҳалла билан ҳамкорликни кучайтиради](https://gdb.rferl.org/6FF59AB7-531F-471A-9824-1E495693F683_cx0_cy10_cw0_w800_h450.jpg)
Президент қарори билан яқинда раҳбарлари ишдан олинган Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига янгиланган вазифалар юкланди.
Адлия вазирлиги Telegram каналининг хабар қилишича, президент Мирзиёев 4 сентябрь куни "Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаган.
Қарорга мувофиқ мамлакатда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш учун янги тизим жорий этилади.
Бунда Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлиги ва дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган бўлиб қолади. Айни пайтда, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳалла идоралари билан ҳамкорликни кучайтиради.
Қарорга кўра, суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлар рўйхати Адлия вазирлиги ва Олий суд расмий сайтларида, бошқа ОАВларда эълон қилиб, янгилаб борилади.
Қарорда таркиби янгиланган қўмита бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 58 нафардан иборат марказий аппарати тузилмаси ҳам тасдиқланган.