Самарқандда сохта рақамли дрифтчи қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ва ижтимоий тармоқларда машҳурлик орттиришга уринган ҳайдовчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди. У ўз автомобилига интернет орқали сотиб олинган ясама рақам ўрнатиб, шаҳар кўчаларида хавфли ҳаракатлар қилган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 2026 йил 9 апрель куни тунги соат 02:00 атрофида содир бўлган. Жентра автомобили ҳайдовчиси транспорт воситасини уйидан ўзбошимчалик билан олиб чиқиб, унга 450 минг сўмга харид қилинган “01 666 VOR” кўринишидаги сохта давлат рақамини таққан.
У ҳаракат давомида шаҳар кўчаларида қарши йўналишда юрган ва бир неча марта светофорнинг қизил чироғига қарамай ҳаракатни давом эттирган. Шунингдек, унинг ёнида бўлган шерикларидан бири ЙПХ ходимларининг хизмат жезлини автомобил люки орқали чиқариб, ҳолатни видеога олган ва ижтимоий тармоқларга жойлаган.
Ҳайдовчи кейинчалик бу ҳаракатини тан олиб, сохта рақам орқали йўл ҳаракати назоратидан қочишга уриниб, “радарга тушмайман” деб ўйлаганини билдирган. Унинг шериги эса видеони Instagram’га обуначилар йиғиш мақсадида жойлаганини айтган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилган. Барча материаллар Самарқанд шаҳар судига юборилади.
Таъкидланишича, бу каби ҳолатлар йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солади ва қонун доирасида қатъий жазоланади.
