Бухорода икки президент замонавий марказни кўздан кечирди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мамлакатда ҳудудлардаги ижро ҳокимияти органларини ягона тизим асосида бир нуқтада жамлаган ҳолда бошқаришга қаратилган янги маҳаллий давлат бошқарув модели босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ушбу замонавий ёндашув идоралар ўртасидаги ўзаро мувофиқликни кучайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ҳамда аҳоли муаммоларини янада самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Бухоронинг янги маъмурий марказида барпо этилган мазкур интеллектуал бошқарув маркази вилоят бошқарувининг замонавий “ақл маркази” сифатида фаолият юритмоқда. Дастлабки босқичда бу ерда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул тузилмалар бирлаштирилган.
Марказда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инвестиция лойиҳалари, коммунал ва транспорт инфратузилмаси, жамоат хавфсизлиги ҳамда фуқаролар мурожаатлари каби барча йўналишлар бўйича маълумотлар реал вақт режимида тўпланади, қайта ишланади ва таҳлил қилинади.
Олий мартабали меҳмонларга марказнинг ҳудудлар кесимида вазиятни комплекс назорат қилиш, муаммоли нуқталарни олдиндан аниқлаш, ижро самарадорлигини баҳолаш ҳамда топшириқлар бажарилишини қатъий мониторинг қилиш имкониятлари амалий мисоллар орқали намойиш этилди.
Шундан сўнг етакчилар ҳокимлик ходимлари учун яратилган замонавий шароитлар билан танишдилар. Янги бино тўлиқ рақамлаштирилган иш муҳити, замонавий кабинетлар ва мажлислар заллари билан жиҳозланган бўлиб, давлат идораларининг самарали фаолияти учун барча имкониятлар яратилган.
Ташриф давомида Қозоғистон президентига ноёб архив материаллари нусхалари ҳам тақдим этилди. Улар орасида Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий ва Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим мақбараларига оид 1920–1950 йилларга тегишли ҳужжатлар, чизмалар ва фотосуратлар мавжуд.
Икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик ва қардошлик рамзи сифатида ушбу архив материалларининг нусхалари Қозоғистон томонига ҳадя қилинди.
Таъкидланишича, бу ҳужжатларнинг аксарияти ҳозиргача илмий муомалага киритилмаган бўлиб, улар Марказий Осиё тарихий меросини ўрганишда жуда катта аҳамият касб этади. Аҳмад Яссавий ва Робия Султонбегим каби ноёб меъморий ёдгорликлар эса минтақанинг умумий маданий меросида алоҳида ўрин тутади.
