Олмазор ИИБ амалдори "дайди топиш" топшириғи сабаб лавозимидан кетди
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Ички ишлар бўлими амалдори Аброр Худойбердиев профилактика инспекторларига кўчадаги дайди шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича топшириқ бергани учун лавозимидан озод этилди.
Бу ҳақда 11 апрель куни Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Рамазон Ашропов маълум қилди. Унинг айтишича, ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, мазкур амалдор ўз лавозимидан олинган.
Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда унинг профилактика инспекторларига “300 та маъмурий баённома тузиш” режасини белгилаб бергани ҳамда барча ходимларга кўчага чиқиш бўйича кўрсатма бергани акс этган аудиоёзув тарқалган ва бу катта муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шунингдек, аудиода айрим ҳолатларда ходимлар топилмаган дайдилар ўрнига уларнинг қариндошлари ёки бошқа шахсларни “дайди сифатида расмийлаштириш” ҳақида ҳам гапирилгани қайд этилган. Бу эса жамоатчиликда кескин норозилик уйғотган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви якунланиб, тегишли чоралар кўрилган.
