Қашқадарё ва Андижонда дори воситалари савдоси бўйича жиноят ишлари очилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.
Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З.Қ. 29 дона капсула ҳамда 60 дона “Габатен” номли дори воситасини 500 АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган. Унинг ёнидан мазкур ҳолатга оид моддий далиллар ҳам олинган.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Улуғнор туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фуқаро Ж.А. фуқаро М.Х.га “Регапен” ва “Тропикамид” каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 670 минг сўмга сотаётган пайтда қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
