Учтепада 720 млн. сўм солиқ қарзи учун тижорат объекти хатланди
Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг 16 та қарорига асосан, “SIPB” МЧЖдан 720 млн сўм миқдорида солиқ қарздорлигини ундириш бўйича ижро ишлари олиб борилмоқда.
Қарздор ташкилотга қонунчиликда белгиланган тартибда бир неча бор огоҳлантириш ва талабномалар юборилди, шунингдек, банк ҳисобварақларидан ундириш чоралари ҳам кўрилди. Аммо шунга қарамасдан, қарздорлик ихтиёрий равишда бартараф этилмади.
Шу сабаб, мажбурий ижро ҳаракатлари доирасида қарздорга тегишли бўлган нотурар бино — тижорат объекти аниқланиб, давлат бюджетига етказилган зарарни қоплаш мақсадида хатловга олинди. Ҳозирда ушбу объектни “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали очиқ аукционга чиқариш ишлари олиб борилмоқда.
Солиқ тўловлари ҳар бир тадбиркор ва ташкилотнинг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Уларни ўз вақтида тўламаслик қарздорликнинг ортишига, банк ҳисобварақларининг блокланишига, мол-мулкка тақиқ қўйилишига ва ҳатто уни мажбурий тартибда сотилишига олиб келади.
Шуни унутмаслик керакки, солиқ қарзини эътиборсиз қолдириш охир-оқибат мулкдан ажралиб қолиш ва янада катта молиявий йўқотишларга сабаб бўлади.
