Spark автомашинасининг 54 та жаримаси: 22 миллион сўм тўлов ундирилди
Фарғона вилояти Мажбурий ижро бюроси томонидан маъмурий жарималарни ундириш бўйича олиб борилган навбатдаги тадбирлар ўз самарасини берди. Текширувлар давомида бир фуқарога тегишли бўлган, жами 22 миллион сўм қарз ва 54 та маъмурий жарима мавжудлиги аниқланди.
Қарздорга тегишли бўлган Spark русумли автомашина қидирув тадбирлари натижасида топилиб, белгиланган тартибда хатланди ҳамда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Қизиғи шундаки, автомашина эгаси ўз мулкига бефарқ эмаслиги намоён бўлди. У транспорт воситасини жарима майдончасида узоқ қолдиришни истамади. Шу куннинг ўзидаёқ Мажбурий ижро бюросига келиб, барча қарз ва жарималарни тўлиқ қоплади.
Натижада, энди у ҳеч қандай қарздорликсиз, кўнгли хотиржам ҳолда ўз автомашинасидан бемалол фойдаланиши мумкин.
Хулоса ўрнида: Қарзни ўз вақтида тўлаш — ортиқча муаммоларнинг олдини олади. Акс ҳолда эса, мажбурий чоралар қўлланилиши муқаррар.
