Навоийда олтин қазиб олиш билан шуғулланган "яширин цех" фош этилди...
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида давлат захирасидаги ер майдонларида олтин сақловчи рудаларни ноқонуний қазиб олиб, уларни кимёвий усулда қайта ишлаш билан шуғулланган уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу гуруҳга Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс раҳбарлик қилган. У Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудидаги паррандачилик хўжалиги биносини ижарага олиб, унда яширин ишлаб чиқариш цехини ташкил этган.
Тезкор ҳаракатлар чоғида 200 килограмм миқдорида ярим тайёр олтин, таркибида олтин моддаси мавжуд 200 қоп қум ва тошлар, 300 килограмм кимёвий реагентлар, махсус лаборатория ускуналари, газ баллонлари ҳамда бошқа турли техник жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, Навбаҳор туманида қайд этилган яна бир ҳолатда маҳаллий МЧЖ раҳбари сохта рухсатнома асосида “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 19 нафар шахсни жалб этган ҳолда ноқонуний олтин қазиб олиш ишларини ташкил этгани аниқланди.
Ушбу иш бўйича 6 килограмм ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ олтин сақловчи руда, кимёвий моддалар, юк автомобиллари ва махсус техникалар мусодара қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қазиб олинган қимматбаҳо бойликлар 6,1 миллиард сўм миқдоридаги зарарни ташкил этган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шу билан бирга, табиатга етказилган экологик зарар ҳажми ҳам аниқланмоқда.
