Вагон устида селфи қиламан деб чиққан 17 ёшли йигитни ток урди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 1 апрель куни юракни увиштирадиган фожиали ҳолат содир бўлди. 17 ёшли ўсмир поезд вагонлари устида ток уриши оқибатида оғир аҳволга тушди.
Маълумотларга кўра, 2009 йилда туғилган йигит дўстлари билан Бўзсув темир йўл станциясида тўхтаб турган вагонлардан бирининг устига чиққан. Улар баланд жойдан сурат олиш, яъни селфи қилишни режалаштирган.
Айнан шу пайтда темир йўл устидаги юқори кучланишли электр тармоғи таъсирида кучли ток зарбаси юз берган. Натижада ўсмирни электр токи урган.
Шифокорлар маълум қилишича, юқори кучланиш оқибатида электр ёйи алангаси пайдо бўлиб, йигит оғир даражада куйиш жароҳатларини олган ва ерга йиқилган.
Текширув натижаларига кўра, унинг танасининг тахминан 80–85 фоизи куйгани аниқланган. У зудлик билан реанимация бўлимига жойлаштирилган.
Ҳозирги кунда беморнинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда. Унга шифокорлар томонидан интенсив даволаш муолажалари олиб борилмоқда, ҳолати эса доимий назоратда сақланмоқда.
