Дунёдаги энг кучли давлатлар ичида Ўзбекистон нечинчи ўринни эгаллади?
Дунё ҳарбий салоҳиятини баҳолаш платформаcи Global Firepower мамлакатларнинг ҳарбий имкониятларига асосланган рейтингини эълон қилди. Ушбу платформа 2006 йилдан бери рейтинги янгиланиб келмоқда ва бу йилги таҳлилда жами 145 давлат кўриб чиқилди.
Рейтинг қандай шакллантирилади?
Ҳар бир давлатнинг ҳарбий қудрати танк, самолёт, флот каби техника, аҳолининг ҳарбий хизматга яроқлилиги, молиявий имкониятлар (мудофаа бюджети), логистика инфратузилмаси, табиий ресурслар ва географик жойлашув каби 60 дан ортиқ фактор асосида баҳоланади. Натижада ҳар бир мамлакатга махсус Ҳарбий қудрат индекси (PowerIndex) берилади. Бу индекс қанчалик паст бўлса, мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти шунчалик юқори ҳисобланади. Идеал кўрсаткич 0.0000 бўлса-да, амалда бунга эришиш мумкин эмас.
Рейтингнинг етакчиси Америка Қўшма Штатлари бўлиб қолмоқда. Жаҳоннинг энг кучли беш давлатини қуйидагича кўрсатиш мумкин:
1. Америка Қўшма Штатлари (PowerIndex: 0.0741);
2. Россия (PowerIndex: 0.0791);
3. Хитой (PowerIndex: 0.0919);
4. Ҳиндистон (PowerIndex: 0.1346);
5. Жанубий Корея (PowerIndex: 0.1642).
Бу беш давлат анъанавий ҳарбий қудрат нуқтаи назаридан энг кучли ҳисобланади, аммо PowerIndex стратегия, иттифоқлар ва иқтисодий имкониятларни ҳисобга олмайди.
Рейтингнинг охирида эса қуйидаги давлатлар энг заиф деб баҳоланган:
1. Либерия (PowerIndex: 3.9275);
2. Суринам (PowerIndex: 4.0538);
3. Марказий Африка Республикаси (PowerIndex: 4.2381);
4. Белиз (PowerIndex: 4.3602);
5. Бутан (PowerIndex: 5.7991).
Марказий Осиёда эса Ўзбекистон кўтарилиш қайд этиб, умумий рейтингда 53-ўринни эгаллади. Қўшни давлатлар рейтинги қуйидагича:
1. Қозоғистон (PowerIndex: 1.0433) 58-ўрин;
2. Туркманистон (PowerIndex: 1.7459) 78-ўрин;
3. Тожикистон (PowerIndex: 2.1749) 100-ўрин;
4. Қирғизистон (PowerIndex: 2.3969) 109-ўрин.
Ҳарбий харажатлар жиҳатидан дунё бўйича умумий сарф 2,6 триллион доллардан ошган ва геосиёсий кескинлик фонида ўсишда давом этмоқда. Аҳоли жон бошига ҳисобланганда эса рейтингда етакчиликни Исроил эгаллайди – йилига тахминан 3700 доллар, Америка Қўшма Штатлари (2400 доллар) ва Австралия (2100 доллар) улардан кейин жойлашган. Германия ва Россияда бу кўрсаткич тахминан 1500 долларни ташкил этади.
Йирик давлатларда аҳолига нисбатан харажат кам: Хитойда 214 доллар, Ҳиндистонда эса 77 доллар. Марказий Осиёда эса Қозоғистон 288 доллар билан етакчи, уни Туркманистон (254 доллар) ва Ўзбекистон (170 доллар) кузатиб бормоқда. Қирғизистон (106 доллар) ва Тожикистон (43 доллар) эса анча паст кўрсаткичларга эга.
Мутахассислар таъкидлашича, аҳоли жон бошига ҳарбий харажатлар нафақат иқтисодий имкониятлар, балки хавфсизлик даражасига ҳам боғлиқ. Хавф юқори бўлган давлатлар аҳолиси сонидан қатъи назар мудофаа соҳасига кўпроқ маблағ йўналтиради.
