Юнусободда “доставшик” сейфдан 50 минг доллар ўғирлади
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги офисдан ичида 50 минг АҚШ доллари бўлган сейф яширинча олиб кетилди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди.
Тошкент шаҳар ИИББ тезкор қидирув хизмати ва жиноят қидирув бошқармаси фавқулодда чора-тадбирлар олиб, гумонланган шахсларни аниқлади. Натижада, жиноятни ташкил қилган шахс – 1988 йилда туғилган Бобур, 2000 йилда туғилган Шерзод ҳамда МЧЖда ҳайдовчи лавозимида ишлаган Абдураҳмон қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, пулларни ўғирлаш жараёнида Абдураҳмон ҳам ёрдам берган: у Шерзодга самокат, буюртма етказувчилар сумкаси ва шлемни тайёрлаб берган. Кечаси офисга келиб, ичида 50 минг АҚШ доллари бўлган сейфни ертўлада олиб, яширинган.
Қўлга олинган шахслар пушаймонлигини билдириб, бошқа жиноятларни содир этмасликка ваъда беришди. “Фақат бир марта имконият беринг, оилам ва фарзандларим олдида уятга қолдим. Президентдан ҳам кечирим сўрайман”, – дейди жиноят ташкилотчиси.
Ҳайдовчи ҳам содир этган ҳаракати учун афсусда ва оммадан кечирим сўради. Сейфдан олиб кетилган пулнинг кейинги тақдири бўйича расмий маълумотлар келтирилади.
