АҚШ урушига миллиардлар кетмоқда: харажатлар кескин ошиб бормоқда
АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти жуда катта молиявий сарф-харажатларни талаб қилмоқда. Financial Times хабарига кўра, АҚШ бу уруш учун кунига юз миллионлаб доллар сарфламоқда.
Маълумотларга кўра, беш ҳафта давом этган ҳарбий кампания умумий ҳисобда 22,3 миллиарддан 31 миллиард долларгача баҳоланмоқда. Шу маблағнинг бир қисми ҳарбий техникага етган зарарни қоплаш ва уни янгилашга сарфланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, айрим шикастланган техникаларни қисқа вақтда таъмирлаш мумкин, аммо бутунлай йўқ қилинган тизимларни қайта тиклаш анча вақт ва катта маблағ талаб қилади. Шу билан бирга, уруш шароити таъмир учун зарур материаллар таъминотида ҳам муаммоларни кучайтириши мумкин.
Айрим манбаларга кўра, йўқотишларнинг муайян қисми ресурслардан нотўғри фойдаланиш ёки техник носозликлар билан боғлиқ. Шу муносабат билан Пентагон Конгрессдан Эрондаги операцияни давом эттириш учун қўшимча маблағ ҳам сўрагани айтилмоқда.
