Ўзбекистонда 7–9 апрельгача: тоғларда сел хавфи кучаяди
Ўзбекистонда келаси уч кун давомида сел хавфи кучайиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилди. “Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 7—9 апрель кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғирлар оқими ортиши оқибатида сел ва сув тошқини юзага келиши мумкин.
Хавфли ҳудудлар қуйидагилар:
- Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари.
- Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманлари.
- Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари.
- Навоий вилояти: Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманлари.
- Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари.
- Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари.
- Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари.
- Фарғона вилояти: Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари.
- Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонабод шаҳри.
“Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олувчилар ва тоғларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, республика бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса баъзи ҳудудларда сув босишига олиб келиши мумкин.
5 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида сел содир бўлган. Кучли ёғингарчилик оқибатида баланд тепаликдан Султон-Увайсий зиёратгоҳига сув оқиб тушиб, сел ҳосил қилган. Шу куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги тоғ ва адирликларда кузатилган кучли ёмғир ҳам сел хавфсиз оқиб ўтган.
Мутахассислар аҳолини ва сайёҳларни эътиборли бўлишга, сув оқимларидан узоқда юришга ва хавфли ҳудудларга бормасликка чақирмоқда.
