Саида Мирзиёева Мар-а-Лагода АҚШ элчиси билан учрашди
Фото: Telegram / Саида Мирзиёева
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан Мар-а-Лагода учрашув ўтказди. У самимий меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, мулоқотни мазмунли, конструктив ва самарали деб баҳолади.
Саида Мирзиёева таъкидлашича, учрашувда томонлар ўзаро мулоқотни кенгайтириб, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар. Ушбу суҳбат икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, сиёсий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.
Учрашувда АҚШ президенти Доналд Трампнинг кенжа қизи Тифани Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Майкл Булос ҳам иштирок этди. Саида Мирзиёева ушбу самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлигини билдириб, учрашувнинг барча томонлар учун фойдали ва мазмунли бўлганини таъкидлади.
Шунингдек, у яқин кунларда Вашингтонда ҳам самарали ва мазмунли учрашувлар ўтказилишига умид билдирди. Мар-а-Лагодаги учрашув ва Вашингтондаги эҳтимолий мулоқотлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик ва сиёсий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу каби учрашувлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириб, ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболдаги стратегик масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим имконият яратади.
