Рубио: "Бу биз 25 йил ичида кўрган энг заиф Эрон"
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эрон атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазият юзасидан кескин баёнот бериб, мамлакатнинг ҳозирги ҳолатини сўнгги чорак асрдаги энг заиф давр сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, Эронга қарши олиб борилаётган операциялар аниқ ва стратегик мақсадларга йўналтирилган. Жумладан, асосий эътибор мамлакатнинг ҳаво кучлари салоҳиятини йўқ қилиш, денгиз флотини издан чиқариш, ракета ва дронлар ишлаб чиқариш инфратузилмасини бартараф этиш ҳамда учириш қурилмаларини жиддий зарарсизлантиришга қаратилган.
“Бизнинг мақсадларимиз аниқ ва тушунарли. Ҳаво кучларини нейтраллаштириш, флотни ишдан чиқариш, ракета ва дрон ишлаб чиқарувчи объектларни йўқ қилиш ҳамда учириш тизимларини фаолиятдан тўхтатиш — асосий вазифаларимиздир. Шу тўрт йўналишнинг барчасида сезиларли натижаларга эришяпмиз”, — дея таъкидлади Рубио.
Ушбу баёнот Вашингтоннинг Эронга нисбатан босим сиёсатини давом эттираётганини яна бир бор намоён қилди. Мутахассислар фикрича, бу каби чиқишлар минтақадаги кескинликни янада ошириши мумкин.
Айни пайтда вазият қандай ривожланиши ва ушбу ҳаракатлар қандай оқибатларга олиб келиши халқаро ҳамжамият диққат марказида қолмоқда.
