Вояга етмаган қизни қийноққа солган ўгай онага жиноят иши очилди
Тошкент шаҳрида вояга етмаган қиз ўгай онаси томонидан жисмоний ва психологик зўрликка учрагани ҳақида видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тезкор текширув ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, 1985 йилда туғилган Н.Ш. Юнусобод туманидаги яшаш хонадонида ўгай фарзанди 2013 йилда туғилган Н.Г. ни бир неча маротаба уриб, жисмоний тазйиқ ўтказганлиги аниқланди. Жабрланувчи илгари ИИОга мурожаат қилмаган.
Ҳозирда вояга етмаган қиз Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, давлат томонидан ҳимояга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Н.Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (“Қийнаш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари тўлиқ ва ҳар тарафлама олиб борилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Иш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги назоратида давом этмоқда.
