APK файллари орқали фирибгарлар телефонга қандай киряпти?
Сўнгги вақтларда киберфирибгарлар янги ва жуда хавфли усулдан фаол фойдаланмоқда. Улар турли мессенжерлар, айниқса Telegram орқали “суд чақируви” каби жиддий кўринишдаги хабарлар билан APK файллар тарқатиб, одамларни тузоққа илинтирмоқда. Бир қарашда оддий файлдек кўринган бу илова аслида шахсий маълумотларингизни ўғирлаш учун яратилган хавфли “калит” ҳисобланади.
Бу каби хабарлар инсон психологиясига таъсир қилишга қаратилган. Чунки “судга чақирув” деган сўзнинг ўзиёқ ҳар қандай одамни хавотирга солади. Айниқса, хабарда исмингиз аниқ кўрсатилган бўлса, “мен нима қилиб қўйдим?”, “ким мени судга берди?” деган саволлар пайдо бўлади. Ана шу қизиқиш ва хавотир туйғуси инсонни ўйламай APK файлни очишга ундайди. Аслида эса фирибгарларнинг асосий мақсади ҳам айнан шу — сизни файлни очишга мажбур қилиш.
Муаммо шундаки, APK файлни очиш орқали сиз ўз қўлингиз билан телефонингизни бегона шахсга топширган бўласиз. Бу файл ўрнатилиши билан қурилмага зарарли дастур жойлашади ва киберфирибгарлар учун кенг имкониятлар очилади.
Бундай ҳолатда қуйидаги хавфлар юзага келиши мумкин:
— шахсий маълумотларингиз ўғирланади;
— аккаунтларингизга рухсатсиз кириш амалга оширилади;
— телефон масофадан туриб бошқарилиши мумкин;
— молиявий иловалар орқали пул маблағлари ечиб олинади;
— сиз номингиздан яқинларингизга ҳам зарарли файллар тарқатилади.
Қисқаси, битта файл — бутун рақамли ҳаётингизни хавф остига қўяди. Шунинг учун манбаси номаълум бўлган ҳар қандай APK файлни очиш ёки ўрнатишдан қатъий воз кечиш керак.
Агар тасодифан шубҳали файлни очиб юборган бўлсангиз, вақтни йўқотмасдан тезкор чора кўриш жуда муҳим. Аввало, интернетни ўчиринг ёки телефонни “самолёт режими”га ўтказинг. Кейин эса қурилма созламалари орқали шубҳали иловани дарҳол ўчириб ташланг. Агар муаммо сақланиб қолса, мутахассисга мурожаат қилишни кечиктирманг.
Шунингдек, молиявий хавфсизликни таъминлаш учун тўлов иловаларига кириб, бегона қурилмаларни ўчириб ташлаш ва керак бўлса, карта уланган рақамни алмаштириш ҳам тавсия этилади.
Ҳозирги рақамли даврда энг катта ҳимоя — бу эҳтиёткорлик. Бир қарашда оддий файл орқасида катта хавф яширинган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир босишдан олдин бир марта ўйлаб кўриш — бугунги куннинг энг тўғри қарори.
