Аляска қирғоқлари музлари кутилганданда тез эриб кетмоқда
Алясканинг шимолий соҳиллари бўйлаб муз мавсуми сўнгги 27 йил ичида сезиларли даражада қисқарган. Бу ҳақда Фэрбенксдаги Аляска университетининг “Journal of Geophysical Research: Oceans” нашрида эълон қилинган тадқиқотда маълум қилинган.
Маълум бўлишича, Чукотка денгизида муз мавсуми 57 кунга, Бофорт денгизида эса 39 кунга қисқарган. Муз кузда кечроқ ҳосил бўлмоқда, айрим ҳудудларда эса баҳорда вақтидан олдин парчаланмоқда.
Ёпишган муз (припай) — соҳилга ёпишган ва шамол ёки оқим таъсирида сузиб кетмайдиган муз бўлиб, у Алясканинг маҳаллий аҳолиси учун алоҳида аҳамиятга эга: овчилик ва балиқ тутиш йўлларига олиб боради, нефть-газ соҳасининг мавсумий муз йўлларини тутиб туради ҳамда соҳил чизиғини тўлқинлар эрозиясидан ҳимоя қилади.
Муз мавсумининг қисқариши соҳилларни заифлаштириб, овчилик учун прогноз қилиб бўлмайдиган шароитларни яратади. Айниқса, 2000-йиллар бошигача барқарор бўлган Бофорт денгизидаги вазият хавотир уйғотмоқда. Ҳозирда у ердаги музлар аввалгидек соҳилдан узоққа ёйилмаяпти. Тадқиқотчилар бу ҳолатни Арктика денгиз музларининг умумий юмшаши билан боғламоқда: юмшоқ музлар денгиз тубидаги ёпишган муз учун “лангар” вазифасини бажарувчи муз тизмаларини камроқ ҳосил қилади.
