Ўзбекистонда исломий банк тизими янгича босқичга ўтади
25 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев исломий молия хизматларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди. Тақдимотда мамлакатда қуйидаги исломий молиявий механизмларини амалиётга киритиш режалаштирилаётгани таъкидланди: товарни насияга сотиш орқали мижозларни молиялаштириш – муробаҳа; даромад ёки фойда тақсимлаш шарти асосида маблағ жалб қилиш – музораба; вакиллик шартномаси орқали маблағ бериш ёки жалб этиш – вакала; олдиндан ҳақ тўлаш асосида молиялаштириш – салам ва истисно; биргаликдаги фаолият орқали молиялаштириш – мушорака; мол-мулкни исломий ижарага бериш ҳамда қонунчиликка зид бўлмаган бошқа исломий молия воситалари.
Шунингдек, сотилган товарлар устамасига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмайди, инвестициявий омонатдан олинган даромад солиқдан озод этилади ва исломий ижара шартномалари молиявий ижара ҳамда лизинг билан тенглаштирилади.
Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш учун Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил қилинади. Шунингдек, исломий молия хизматлари кўрсатувчи банкларда алоҳида кенгашлар тузилади. Улар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда мувофиқлик назоратини таъминлаш билан шуғулланади.
Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча” фаолияти йўлга қўйилиши, 2026–2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этилиши режалаштирилган. Бу ислоҳот орқали 2026–2030 йилларда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, исломий банклар фаолиятини жорий этишга оид қонун бу йилнинг 5 феврал куни Сенатда маъқулланган эди.
