АҚШ Эронга 15 бандли тинчлик режасини юборгани маълум бўлди
АҚШ Яқин Шарқдаги можаро ва урушни тугатиш мақсадида 15 бандидан иборат кенг қамровли режани Эронга тақдим қилди. Бу маълумотни 24 март, сешанба куни The New York Times газетаси икки нафар хабардор амалдорга таяниб тарқатди. Ҳужжат Покистон орқали Эрон расмийларига етказилгани хабар қилинди.
Исроилнинг N12 телеканали маълумотларига кўра, режада Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечиши, бойитилган уран захираларини Халқаро атом энергияси агентлиги (АЭХА)га топшириши ва минтақада тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор чоралар назарда тутилган.
Axios нашрига кўра, АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Доналд Трампга Эрон режанинг бир нечта муҳим бандига, хусусан, юқори даражада бойитилган уран захираларини топширишга рози бўлганини маълум қилди. Аммо Теҳрон расмий муносабати ҳозирча аниқ эмас ва бугунгача рад ёки тасдиқ билдирмади. Шунингдек, АҚШ билан ҳамкорликда ҳаракат қилувчи Исроилнинг бу тинчлик режасига муносабати ҳам ҳозирча маълум қилинмаган.
Трамп 23 март куни Эрон билан “самарали музокаралар” бўлиб ўтганини ва энергетика объектларига зарбаларни беш кунга тўхтатишни буюргани ҳақида хабар берган эди. Эрон эса бу баёнотни рад этиб, музокаралар бўлмаганини маълум қилди.
Шу ўринда, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 24 март куни БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Халқаро денгиз ташкилотига “дўст бўлмаган” деб баҳоланган кемалар, агар олдиндан Теҳрон билан ҳаракатларини келишиб олса, Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Reuters агентлиги эса ҳужжатда, бу қоидаларга риоя қилган кемаларнинг хавфсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқи сақланиши таъкидланганини эълон қилди.
Айни пайтда, Яқин Шарқдаги можаро ва уруш сабабли Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) захираларининг тахминан 20 фоизи транзитини тўхтатгани қайд этилмоқда. Бу вазият минтақадаги энергия таъминоти ва глобал нархлар учун муҳим таъсир кўрсатмоқда.
