Ваъдага вафо қилмаган шахс мажбурий тарзда кўчирилди
Икки таниш фуқаролар ўзаро пул олди-берди асосида уй сотиш бўйича келишувга эришган. Сотиб олган шахс яқин таниши ваъда қилганидек, ярим йил давомида уйда яшашга рози бўлган. Аммо бир йил ўтса ҳам ваъда бажарилмаган ва уйни сотган шахс уйда яшашни давом эттирган, бу эса фуқаролар орасида низога олиб келди ва сотиб олган шахс судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил 17 февралдаги ижро варақасига асосан, жавобгарлар Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги квартирали уйнинг 2 та хонадонидан ундирувчи фуқаро фойдасига бошқа турар-жой бермаган ҳолда кўчирилишлари белгиланди. Бу қарор Бюронинг Юнусобод туман бўлимига 27.02.2023 йилда келиб тушиб, қонун асосида ижро иши қўзғатилди ва қарор нусхаси тарафларга юборилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари бир неча маротаба суд ажрими асосида тўхтатилгани сабабли аввал амалга оширилмаган. Кейин Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция қарори ўз кучида қолдирилган.
Шундан сўнг, 2026 йилнинг 6 январь куни Бюронинг туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари давомида қарздорлар суд ҳужжатида кўрсатилган хонадонлардан мажбурий тартибда кўчирилди. Хонадон калитлари ундирувчи фуқарога расмий далолатнома билан, холислар ва тегишли ташкилотлар иштирокида топширилди.
