Хитой Яқин Шарқдаги вазият юзасидан баёнот берди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Яқин Шарқдаги кескин вазият юзасидан муҳим баёнот билан чиқди. У Эрон ва Форс кўрфази давлатларининг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлади. Дипломатнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ислом республикасига қарши бошланган қарама-қаршилик ҳеч қандай ижобий натижа бермайди ва бу можаро зудлик билан тўхтатилиши керак.
Вазир дунё ҳамжамиятини куч ишлатиш сиёсатидан воз кечишга чақирди. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар фақатгина бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келади. Ван И минтақа халқларини ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлган ҳақиқий хўжайинлар деб атади ва ташқи кучларнинг ички ишларга аралашувини кескин қоралади.
Хитой расмийси минтақавий муаммоларни айнан шу ҳудуд давлатларининг ўзи ҳал қилиши лозимлигини қайд этди. Шунингдек, у "рангли инқилоблар" ёки бошқа давлатлардаги сиёсий тузумни куч билан ўзгартиришга қаратилган уринишлар халқ томонидан қўллаб-қувватланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Пекин томони барча томонларни музокаралар столига ўтиришга ва дипломатик йўл билан келишувга эришишга даъват этмоқда.
