Ўзбекистонда чет элликлар учун Tax Free тизими ишга тушади
Ўзбекистонда хорижлик сайёҳлар учун қулайликлар кўлами кенгаймоқда. 2026-йил 1-апрелдан бошлаб мамлакатимизнинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш тизими тўлиқ йўлга қўйилади. Бу янгилик юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун харид қилиш жараёнини янада жозибадор қилиши кутилмоқда.
Янги тартибга кўра, хорижликлар харид қилган товарлари учун тўланган ҚҚСни нақд пул кўринишида ёки банк картасига қайтариб олишлари мумкин бўлади. Бунда тўловнинг 85 фоизи сайёҳга қайтарилса, қолган 15 фоизи хизмат кўрсатувчи операторга йўналтирилади. Банк картасига ўтказмалар товарлар олиб чиқиб кетилганидан сўнг уч иш куни ичида амалга оширилади.
Шунингдек, тизимдан фойдаланиш учун минимал харид қиймати 300 минг сўм этиб белгиланди. Муҳим ўзгаришлардан яна бири шундаки, "tax free" тизими татбиқ этиладиган товарлар рўйхатидаги чекловлар бекор қилинмоқда. Эндиликда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари барча турдаги товарлар учун ушбу имтиёздан фойдаланиш имконияти яратилади. Бу қадам Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
