Ижтимоий тармоқларда букмекер рекламаси учун блогерлар жазога тортилмоқда
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган рекламаларни қонунчилик талабларига мослиги бўйича мунтазам кузатаётганини билдирди. Ўрганишлар давомида айрим машҳур саҳифаларда букмекерлик хизматлари тарғиб қилингани аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, юз минглаб кузатувчига эга блогерлар ўз саҳифаларида букмекерлик рекламаларини жойлаштирган. Шунингдек, қимор ўйинларини “саҳна кўриниши” кўринишида тарғиб қилувчи видеороликлар ҳам тарқатилгани қайд этилган.
Аниқланган материаллар Ф. Ширинбоева ( @clemenskoelpin ) ҳамда Д. Бахтиозин ( @mjova41, @Damirrxon ) саҳифаларига тегишли экани кўрсатилган. Ҳолат бўйича блогерлар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилган.
Қўмита бундай реклама ва контентлар истеъмолчиларни чалғитиши, хавфли одатларни оммалаштириши мумкинлигини эслатиб, мониторинг давом этишини билдирди. Яъни “обуначи кўп” — “жавобгарлик йўқ” дегани эмас: реклама бўлса, қоидаси ҳам бор.
