Покистонда назорат пунктига ҳужум: 12 ҳужумчи йўқ қилинди
17 феврал куни Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятида, Бажаур тумани ҳудудида жойлашган назорат пунктига қаратилган террорчилик ҳужуми содир этилди. Бу ҳақда The Hindu нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 11 нафар хавфсизлик ходими ҳамда бир нафар бола ҳалок бўлган. Яна етти киши, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, турли даражада тан жароҳатлари олган.
Покистон армиясининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига асосан, ҳужум автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ёрдамида амалга оширилган. Портловчи моддалар билан тўлдирилган машина назорат пункти деворига урилиб, кучли портлаш юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳужумни Покистон Толибон ҳаракати аъзолари амалга оширган. Хавфсизлик кучларининг жавоб амалиёти давомида 12 нафар ҳужумчи йўқ қилинган.
Мамлакат президенти Асиф Али Зардорий содир этилган ҳужумни кескин қоралаб, ҳалок бўлганлар оиласига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Бош вазир Шаҳбоз Шариф террорчиликка қарши кураш давлат учун устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
