2026 йилги тест синовлари учун фанлар рўйхати эълон қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2026–2027 ўқув йили учун абитуриентлар топширадиган тест синовлари фанлар мажмуасини эълон қилди. Унга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари учун умумий тест фанлари рўйхати тасдиқланди, касбий ёки ижодий имтиҳонлар белгиланган йўналишларга мос тарзда белгиланади.
Вазирликнинг қайд этишича, қабул параметрлари тасдиқланиши жараёнида янгидан ташкил этилган йўналишлар бўйича ҳам фанлар мажмуаси қўшимча тарзда эълон қилинади. Бу эса абитуриентларга ўз тайёргарлик режасини аниқроқ тузишда ёрдам беради.
Шунингдек, Билимни баҳолаш агентлиги берган маълумотга кўра, 2026 йилги кундузги таълим шакли бўйича 36 023 нафар абитуриент давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Бу кўрсаткич Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18 июлдаги фармойиши асосида белгиланиб, олий таълимда имкониятлар кенгайиб бораётганидан далолат беради.
