Ўзбекистон мактабларида ростдан ҳам қоғоз кундаликларга ўтиладими?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мактабларида анъанавий (қоғоз) кундаликлар ва синф журналлари қайта жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдириб, хабарларни рад этди.
Вазирлик маълумотига кўра, Президентнинг 2018 йил 5 сентабрдаги 3931 сонли қарори ҳамда 2019 йил 29 апрелдаги 5712 сонли фармонига мувофиқ, мамлакатдаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг баҳолари ва давомати “eMaktab” электрон журнал тизими орқали юритилмоқда.
Мазкур тизим ўқитувчилар иш юкини енгиллаштириш, замонавий ахборот технологияларини таълим жараёнига татбиқ этиш ҳамда баҳолашда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, ота-оналарга фарзандларининг ўқишдаги ҳолатини масофадан кузатиш имконияти яратилган.
Расмий баёнотда айтилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабларга қоғоз кундалик ва журналларни қайта жорий этиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаган.
