Тошкент–Чорвоқ йўлида тезлик 80 км/соатгача туширилди
Тошкент вилоятининг айрим йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги 80 км/соатгача пасайтирилади. Бу ҳақда 2 февраль куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши қарор қабул қилганини эълон қилди.
Қарорга кўра, бу чеклов Д 012 “Бектемир–Чирчиқ–Ғазалкент–Чорбоғ қўрғони” автомобиль йўлининг 19–74 км оралиғидаги муайян қисмларида амалиётга жорий этилади. Чунки 2025 йилда айнан шу оралиқда 63 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, 15 киши вафот этган, 50 киши тан жароҳати олган.
Мутасаддилар тез-тез содир бўлаётган ҳалокатлар сабаб бу йўлнинг аҳоли яшамайдиган 6 та ҳудудида ҳаракат тезлигини 100 км/соатдан 80 км/соатгача туширишни мақсадга мувофиқ деб топган. Бу чора йўловчилар хавфсизлигини ошириш, ЙТҲларнинг олдини олишга қаратилган.
Қамраб олинган аниқ манзиллар қуйидагилардан иборат:
– 19–20 км,
– 44–45 км,
– 49–50 км,
– 61–62 км,
– 64–65 км,
– 71–74 км оралиғи.
Бу ҳудудлар Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари орқали ўтувчи йўл кесимларидир. Эндиликда 3.24 белгиси — “Юқори тезлик чекланган” (80 км/соат) йўл белгилари ушбу нуқталарда ўрнатилади.
