Ерга ўхшаш янги сайёра аниқланди
Халқаро астрономлар гуруҳи HD 137010 b деб номланган янги экзосайёра кашф этилганини маълум қилди. У Ердан тахминан 146 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, ўлчами жиҳатидан Ерга анча яқин ва ўз юлдузи атрофида айланиш даври ҳам ўхшаш экани таъкидланди. Бу ҳақда “Гардиан” хабар берди.
Қайд этилишича, сайёра НАСАнинг «Кеплер» космик телескопи (К2 миссияси) 2017 йилда тўплаган маълумотлар асосида аниқланган. Таҳлилларга кўра, HD 137010 b Ердан атиги 6 фоизга каттароқ, ундаги “бир йил” эса 355 кун давом этади. Тадқиқотчилар баҳосига кўра, ушбу сайёра “яшашга яроқли зона”да жойлашган бўлиш эҳтимоли 50 фоизни ташкил қилади — яъни назарий жиҳатдан бу ҳудудда сув суюқ ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.
Бироқ орбита ва давр ўхшашлигига қарамай, у ердаги шароит Ердагидек енгил бўлмаслиги эҳтимоли катта. Тизимдаги асосий юлдуз Қуёшга ўхшаш саналади, аммо у совуқроқ ва хирароқ экани қайд этилган. Шу сабаб сайёра юзасидаги ҳарорат Марсдагисига яқин бўлиб, -70 даражадан ҳам пастга тушиши мумкин.
Суинберн технология университети доктори Сара Уэбб фикрича, сайёрада сув миқдори кўп бўлиши эҳтимоли бор, лекин унинг катта қисми муз ҳолатида қотиб қолган бўлиши мумкин. Жанубий Квинсленд университети доктори Челси Хуанг эса топилманинг асосий аҳамияти айнан юлдузнинг яқинлиги ва ёрқинлигида эканини таъкидлайди: у Ердан тахминан 150 ёруғлик йили масофада жойлашган.
Таққослаш учун, аввалроқ маълум бўлган энг яқин Кеплер-186ф экзосайёраси тўрт баравар узоқда жойлашган ва деярли 20 баравар хира экани айтилмоқда. Шунинг учун ҳам, олимлар фикрича, HD 137010 b келажакда янада чуқурроқ ўрганилиши мумкин: юлдузнинг яқинлиги ва ёрқинлиги туфайли кейинги авлод телескоплари унинг атмосфераси ва сиртидаги шароитлар ҳақида муҳим маълумотлар бериши кутилмоқда.
